НИКОҲ – МУҚАДДАС РИШТА
Орзу-ҳавасли халқмиз. Бироқ кўп ҳолларда бу тушунчани ҳо-ю ҳавас билан чалкаштирамиз. Айниқса, бу унсур тўй ва ундан кейинги маросимларимизда яққол кўриниб қоляпти.
Туманимизда кейинги икки йиллик таҳлилига эътибор қаратадиган бўлсак, янги турмуш қурганлар орасида ажралишлар сони юқорилигича қолмоқда. Жорий йил 9 ойи якуни бўйича бу кўрсаткич 133 тани ташкил қилди. Ўтган 2019 йилнинг мос даврида бу рақам 136 та етганди.
Ачинарлиси, ажралишлар, ўртага тушаётган совуқчиликлар замирида қудалар ўртасида айланаётган мол-мулк, сеп-сидирға можароси ётганидадир. Шу боис ёш оилалар ўртасига нифоқ солувчи, жиндай тушунмовчиликларни катта муаммоларга айлантирувчи катта ёшлилар, аниқроғи, ота-оналар бўлиб қолмоқда.
Жамиятда тажрибали инсонларнинг вазифасидан келиб чиқадиган бўлсак, ёш оилаларнинг бузилиши учун эмас, аксинча, уларнинг оиласини мустаҳкамлаш учун хизматга бел боғлаш муҳим. Шундагина, ёш оилаларнинг бузилиши, норасида гўдакларнинг қалблари кемтик ўсишларига барҳам берамиз.
Зулайҳо АТАХАНОВА,
туман ФҲДЁ бўлими мудири.

