ДАРДЛАРГА МАЛҲАМ БЎЛИБ…

«Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили»да халқимиз саломатлигини мустаҳкамлаш, тиббий хизмат сифатини янада ошириш борасида туман тиббиёт бирлашмаси ва унинг бўлимларида ҳам тизимли иш олиб борилмоқда.

Бирлашманинг реанимация, шошилинч тиббий ёрдам, хўжалик ҳисобидаги кардиология бўлимларида беморларга яратилган шарт-шароитлар, озодалик, шифокорларнинг хуш муомаласи ва малакали муолажасидан миннатдор беморлар кўпчиликни ташкил этади.

-Реанимация бўлимимизга жорий йилнинг ўтган олти ойи мобайнида 477 нафар бемор қабул қилдик, -дейди бўлим мудири, олий тоифали врач анестезиолог реаниматолог Каримжон Мадраҳимов. -Уларнинг 132 нафарини вояга етмаганлар ташкил қилади. Бўлимимизга асосан энг оғир ҳолатдаги беморлар келади. Олти ўринга мўлжалланган хоналаримиз беморлар учун юқори технологияли тиббий асбоб-ускуналар билан таъминланган, улар жаҳон андозалари талабларига жавоб беради. Асосий дори-дармонлар билан бепул таъминланмоқда.

Шошилинч тиббий ёрдам бўлими(ШТЁБ)да жарроҳлик, терапия, болалар пости мавжуд бўлиб, беморлар учун қулай шарт-шароитлар яратилган. Ўтган 6 ой мобайнида бу ерда 1680 нафар фуқаро даволаниб чиқди. 134 та жарроҳлик амалиёти муваффақиятли ўтказилди.

-Беморларга, аввало, хуш муомалада бўлиш, сифатли ва малакали тиббий хизмат кўрсатишга алоҳида эътибор қаратганмиз, -дейди ШТЁБ катта ҳамшираси Ойшахон Сиддиқова. -Бўлимимиздаги шифокорлар, ҳамширалар, озодалик жонкуярларининг хизматидан беморлар мамнун бўлиб, дил изҳорларини айтишганда, чарчоғимиз, тунларни бедор ўтказган кунларимиз унут бўлади, яна шижоат билан ишга киришиб кетамиз.

-Д астлаб оғир аҳволда хўжалик ҳисобидаги кардиология бўлимига тушиб қолдим,  -дея суҳбатга қўшилди ровотлик биринчи гуруҳ ногирони Тошмуҳаммад Ўрозалиев. – Шифокорлар жонимга оро киришди. Туманимизда ҳам ўз касбининг устаси ва фидойиси бўлган докторлар жуда кўп экан. Мен билмай доим шаҳарга борардим. қўллари шундай енгилки, дард кўришмасин.

Бундай дил изҳорларини эшитиб, кўнглимиз кўтарилди, халқ меҳрини қозонадиган жонсарак шифокорлар сафи янада кенгайишини тиладик.

Муҳаммад АЛИ.

Суратларда: 1. Врач Муяссар Умрзоқова (ўнгда), ички касалликлар бўлими мудири Тоҳиржон Мусахонов, хўжалик ҳисобидаги кардиология бўлимининг катта ва кундузги ҳамшираси Муҳаррам Абдуллаева (юқоридаги сурат). 2. Реанимация бўлими мудири Каримжон Мадраҳимов. 3. ШТЁБ мудири Абдулбоқи Қозоқов. 4. Олий тоифали терапевт Саида Алимқулова (ўнгда) бемор ҳолатини кўздан кечирмоқда.