МАТБУОТ АНЖУМАНИ

Ўзбекистонда ишсиз ёшлар ва хотин-қизлар рўйхати шакллантирилмоқда. Рўйхатлар «Темир дафтар»ларга ўхшаш бўлади. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида иқтисодий фаолликни ошириш ҳамда ҳар бир туман ва шаҳарга қўшимча захира яратиш чора-тадбирлари юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида топшириқлар берилган.

Мамлакатимизда пандемия даврида ишсиз ёшлар ва хотин-қизлар бандлигини таъминлаш масаласига алоҳида аҳамият қаратилмоқда. Бош вазир ўринбосарига уларни талаб юқори бўлган касблар ва тадбиркорликка ўқитиш, шу асосда бизнесини йўлга қўйишда молиявий қўллаб-қувватлаш тартибини жорий этиш вазифаси юклатилди.

Бу ишларни тизимли амалга ошириш мақсадида мамлакатимизда жорий этилган «темир дафтар»лар сингари, ишсиз ёшлар бўйича алоҳида («Ёшлар дафтари»), ишсиз ва боқувчисиз хотин-қизлар бўйича алоҳида («Аёллар дафтари») рўйхатлар шакллантириб, ҳар бири билан янги тизим, янгича тартибда манзилли ишлаш муҳимлиги таъкидланган.

Бу борада туманимизда ҳам бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Туман ҳокимлигида ташкил этилган матбуот анжумани «Ёшлар дафтари» ва «Аёллар дафтари» бўйича кўзда тутилган ишлар, режалар» мавзусида бўлди. Уни туман ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари Муҳаммадали Қамбаров очди. Туман ҳокими Муҳаммадаюбхўжа Апақов қисқача кириш сўзида мавзу юзасидан маълумот берди. Шундан сўнг туман ҳокимининг ўринбосари Азамат Абдураҳмонов, туман ҳокимининг хотин-қизлар бўйича маслаҳатчиси Ҳамидажон Бозорова ўз маърузаларида туманда амалга оширилаётган ишлар ва келгуси режалар ҳақида сўз юритдилар. Маърузачилар таъкидлаганидек, туманда 56 та МФЙ бўлиб, 37311 та хонадон мавжуд. Аҳоли 213112 нафарни ташкил этади. Шундан 50978 нафари (18-30 ёш), 65105 нафари (30 ёшдан) юқори) аёллардан иборат. Бугунги кунда тўртта секторда «Ёшлар дафтари» ва «Аёллар дафтари» бўйича хатлов ишлари амалга оширилмоқда. Анкета сўровномаларини электрон базага киритиш ишлари давом этмоқда. Уйчи туман ҳокимлиги ахборот хизмати.