ХАЛҚ ДЕПУТАТЛАРИ ТУМАН КЕНГАШИНИНГ ҚАРОРИ
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёевнинг 2017 йил 12 июлда бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишидаги «Парламентимиз ҳақиқий демократия мактабига айланиши, ислоҳотларнинг ташаббускори ва асосий ижрочиси бўлиши керак» деб номланган маърузасидан келиб чиқадиган устувор вазифаларни амалга ошириш тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёев томонидан мамлакатимизда жамият ҳаётининг барча соҳаларини янада эркинлаштириш ва ислоҳ қилиш жараёнлари изчил давом эттирилмоқда.
Барча даражадаги раҳбарларнинг халқ билан мунтазам равишда мулоқотлар ўтказиши тизимининг жорий этилганлиги жойлардаги ҳақиқий ҳолатни ўрганишда ва аҳолини ўйлантириб келаётган кўплаб муаммоларни ҳал этишда самарали механизм бўлиб хизмат қилмоқда.
Олиб борилаётган ислоҳотлар, шу жумладан, қабул қилинаётган қонун ҳужжатлари, асосан, халқнинг мурожаатларида кўтарилаётган ҳаётий долзарб масалаларни уларнинг фикр-мулоҳазаларини инобатга олган ҳолда ҳал этишга қаратилмоқда.
Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг фаолияти устидан тизимли халқ назорати амалда жорий этилмоқда, турли даражадаги раҳбарларнинг ҳисоботи ва ахборотини Олий Мажлис палаталарида, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларида, маҳаллаларда мунтазам равишда эшитиш тизими жорий этилмоқда. Мазкур тадбирлар тегишли соҳаларда олиб борилаётган ишларнинг сифати ва самарадорлигини оширишга хизмат қилмоқда.
Бугунги кунда ушбу жараёнларда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари ва сиёсий партияларнинг ўрни ва масъулияти ҳар қачонгидан ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда.
Шу муносабат билан халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари ва сиёсий партияларнинг иш услубини тубдан ўзгартиришни, жумладан, аҳоли билан доимий мулоқотлар олиб бориш, аҳолини ўйлантираётган ҳаётий долзарб муаммоларни бартараф қилишда фаол иштирок этиш, ҳудуднинг ижтимоий-иқтисодий ҳаётига дахлдор масалаларни ҳал қилиш борасидаги ташаббускорликни ошириш каби тадбирларни самарали ташкил этишни ҳаётнинг ўзи тақозо қилмоқда.
Юқоридагилардан келиб чиқиб ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёев томонидан белгилаб берилган вазифаларнинг сўзсиз бажарилишини таъминлаш, маҳаллий ижроия ҳокимияти органларининг фаолияти устидан самарали жамоатчилик ва депутатлик назоратини амалга ошириш, сиёсий партияларнинг ҳудудий кенгашлари ишини жонлантириш мақсадида, «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 6-моддасига мувофиқ, халқ депутатлари Уйчи туман Кенгаши
ҚАРОР ҚИЛАДИ:
- Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёевнинг 2017 йил 12 июлда бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишидаги «Парламентимиз ҳақиқий демократия мактабига айланиши, ислоҳотларнинг ташаббускори ва асосий ижрочиси бўлиши керак» деб номланган маърузасидан келиб чиқадиган устувор вазифалар ижро учун қабул қилинсин.
- Маърузадан келиб чиқадиган устувор вазифаларни амалга оширишда қуйидагилар халқ депутатлари Уйчи туман Кенгашининг асосий йўналишлари этиб белгилансин:
-ҳудуднинг ижтимоий-иқтисодий ҳаётига дахлдор масалаларни ҳал этиш борасидаги ташаббускорликни ошириш, аҳолини ўйлантираётган ҳаётий долзарб муаммоларни бартараф этиш чораларини жадаллаштириш;
-ёшлар билан ишлаш, оила ва аёллар, соғлиқни сақлаш ва ички ишлар каби соҳаларда олиб борилаётган ишларнинг самарадорлигини ошириш, улар бўйича депутатлик назоратини кучайтириш;
-ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга оид масалалар юзасидан қарорлар қабул қилишда кенг жамоатчилик муҳокамасини ташкил этиш ва кўриб чиқилаётган масалалар юзасидан аҳолининг фикрини ҳар томонлама ўрганиш;
-депутатларнинг ўзлари номзод этиб кўрсатилган сиёсий партиялар билан ҳамкорликни ва ўз сайловчилари билан мулоқотни кучайтиришини ҳамда ўзлари аъзо бўлган сиёсий партия сайловолди дастурларининг ижроси бўйича электорат олдида мунтазам ҳисобот бериб боришини таъминлаш;
-халқ депутатлари Уйчи туман Кенгаши, доимий комиссиялар ҳамда сиёсий партия гуруҳлари ишини халққа кенгроқ етказиш мақсадида оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлик доирасидаги ишларни кучайтириш.
- Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёевнинг 2017 йил 12 июлда бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишидаги «Парламентимиз ҳақиқий демократия мактабига айланиши, ислоҳотларнинг ташаббускори ва асосий ижрочиси бўлиши керак» деб номланган маърузасидан келиб чиқадиган устувор вазифаларни амалга ошириш юзасидан чора-тадбирлар режаси 1-иловага мувофиқ қабул қилинсин.
- Чора-тадбирлар дастури ижросини таъминлаш учун 2-иловага мувофиқ ишчи гуруҳи тузилсин.
- Халқ депутатлари Уйчи туман Кенгашининг доимий комиссиялари:
-Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёевнинг 2017 йил 12 июлда бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишидаги «Парламентимиз ҳақиқий демократия мактабига айланиши, ислоҳотларнинг ташаббускори ва асосий ижрочиси бўлиши керак» деб номланган маърузасидан келиб чиқадиган устувор вазифаларни инобатга олган ҳолда ўз иш режаларини қайта кўриб чиқсин;
-ҳудуднинг ижтимоий-иқтисодий ҳаётидаги долзарб масалаларнинг ўз мажлисларида атрофлича муҳокама қилиниши ва сессияларда кўриб чиқилиши борасида ташаббускорликни кучайтирсин;
-ўзлари масъул этиб белгиланган соҳаларга оид қонун ҳужжатлари, давлат дастурлари ва ҳудудий дастурлар, ҳалқ депутатлари Уйчи туман Кенгаши қарорларининг ижро этилишини таъминлаш юзасидан тизимли назорат ўрнатсин.
- Халқ депутатлари Уйчи туман Кенгашидаги сиёсий партияларнинг депутатлар гуруҳларига қуйидагилар тавсия этилсин:
-ўз сиёсий партиясининг устувор мақсад ва вазифаларидан келиб чиққан ҳолда ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга қаратилган таклифлар ишлаб чиқиш ва ташаббускорликни тубдан кучайтириш;
-тегишли маҳаллий ижроия ҳокимияти органлари билан тизимли ва доимий ҳамкорликни йўлга қўйиш, уларнинг фаолияти устидан самарали депутатлик назоратини амалга ошириш;
-ўз сиёсий партияси электорати билан мулоқотни кучайтириш ҳамда сайловолди дастурининг ижроси бўйича электорат олдида, шу жумладан, оммавий ахборот воситалари орқали мунтазам ҳисобот бериб борилишини таъминлаш;
-сессияларга кўриб чиқиш учун киритилаётган масалаларни ўз сиёсий партияси электорати манфаатларидан келиб чиқиб, атрофлича ўрганиб бориш, улар бўйича қатъий принципиал позицияни намоён этиш.
- Уйчи тумани ҳокимлиги (А.Турдиев):
-сиёсий партиялар ҳудудий кенгашларининг фаолиятини самарали ташкил этиш учун бир ҳафталик муддатда уларни тегишли бинолар (хоналар) билан таъминлаш чораларини кўрсин;
-сиёсий партиялар ҳудудий кенгашларининг тегишли маҳаллий ижроия ҳокимияти органлари билан тизимли ва доимий ишлаши борасида зарур шароитларни яратиб берсин;
-депутат сўровлари тегишли маҳаллий давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари ҳамда улар мансабдор шахслари томонидан белгиланган муддатларга қатъий риоя қилинган ҳолда атрофлича кўриб чиқилишини таъминласин.
- Сиёсий партияларнинг ҳудудий ташкилотларига қуйидагилар тавсия этилсин:
-ўз электоратига берган ваъдаларининг ва тегишли сиёсий партия сайловолди дастурининг тўла ва самарали бажарилишини таъминлаш чораларини кўрсин;
-амалдаги қонунларнинг ижросини ҳудуд мисолида танқидий таҳлил қилиб бориш ва қонунларга аҳолини қийнаётган долзарб муаммоларни ҳал этишга қаратилган қўшимча ва ўзгартишлар киритиш юзасидан тегишли сиёсий партиянинг марказий Кенгашига таклифлар тақдим этиб бориш;
-сиёсий партиянинг устувор мақсад ва вазифаларидан келиб чиқиб, маҳаллий ижроия ҳокимияти органлари билан тизимли ва доимий ҳамкорликни йўлга қўйиш;
-ёшларга, айниқса, уюшмаган ёшларга эътиборни кучайтириш, талаба ва ўқувчи-ёшларда сиёсий билимларни ошириш чораларини кўриш, бу борада туман ҳокимининг ёшлар масалалари бўйича ўринбосари, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи билан яқиндан ҳамкорлик ўрнатиш;
-халқ депутатлари Уйчи туман Кенга-шидаги тегишли депутатлар гуруҳи билан тизимли ҳамкорлик ўрнатиш, сиёсий партиянинг мақсад ва вазифаларидан келиб чиқиб, депутатлар гуруҳига кўриб чиқиш учун асосланган таклифлар киритиб бориш.
- Ўзбекистон экологик ҳаракатининг Наманган вилояти ҳудудий бўлимига:
-аҳолини, айниқса, чекка ҳудудлардаги аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш;
-маиший чиқиндиларни тўплаш, қайта ишлаш ва утилизация қилиш борасидаги ишларнинг самарадорлигини ошириш;
-аҳолининг экологик маданиятини ошириш, ёш авлод қалбида она-табиатга меҳр-муҳаббат, унга дахлдорлик ҳиссини тарбиялаш масалаларини чуқур ўрганиб, тегишли таклифлар ишлаб чиқиш тавсия этилсин.
- Ушбу қарор «Уйчинома» газетасида ва Уйчи туман ҳокимлигининг расмий веб-сайтида эълон қилинсин.
- Ушбу қарорнинг ижросини назорат қилиш халқ депутатлари Уйчи туман Кенгаши раиси зиммасига юклатилсин.
- Ушбу қарор қабул қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Халқ депутатлари туман Кенгаши раиси, туман ҳокими А.ТУРДИЕВ.
Уйчи шаҳарчаси,
2017 йил 26 июль.

