ИЛОҲИЙ ҚУДРАТГА ЭГА МАМЛАКАТ РАМЗИ

Байроқда илоҳий қудрат яширинган. Уни ҳар доим ҳам ҳис эта олмаймиз. Аммо у инсон учун энг муҳим паллаларда намоён бўлади.

Қадимда жанг майдонида аскарлар ҳар қанча толиқишмасин, қурбонлар кўпаймасин, агар тепаликда байроқлари ҳилпираб турган бўлса, жанг майдонини ҳеч қачон ташлаб кетмаганлар. Иккинчи жаҳон уруши даврида душманга қарши партизанлар отрядлари бир байроқ остига бирлашганлар. Балки «байроқдор» деган тушунча ҳам шундан пайдо бўлгандир.

Бугун БМТ пештоқига ўрнатилган байроқлар орасида Мустақил юртимиз байроғининг ҳилпираб туриши қайси ҳамюртимизни ҳаяжонга солмайди, ёки фан, техника, саънат, спортда эришилган ютуқ боис жаҳон ареналарида байроғимизнинг баланд кўтарилиши қай бир ватандошимизнинг кўзини ғурур ва ифтихор ёшларига тўлдирмайди, дейсиз.

Демак, юрт байроғи чинакамига мамлакат тимсоли, десак ҳеч муболаға эмас. Шу боис таълим муассасаларида ҳар бир мурғак қалб онгига байроғимиз ҳақидаги маълумотларни, унинг ранглари, ой ва юлдузлари қандай рамзий маънога эгалиги тўғрисидаги билимларни сингдириб бориш шу юрт эртаси учун куйиб-ёнаётган ҳар бир фуқаронинг бурчи ва масъулияти, деб ҳисоблайман.

Дилбархон МАҲМУДОВА, туман давлат архиви архивчиси.