УЙЧИДА ТЎРТТА КИЧИК САНОАТ ЗОНАСИГА ТАМАЛ ТОШИ ҚЎЙИЛДИ
14 ноябрь куни вилояти ҳокими Шавкатжон Абдураззақов туманимизга ташриф буюрди. Дастлаб Гумбаз маҳалласидаги «Девона бобо» зиёратгоҳида олиб борилаётган қурилиш ва бунёдкорлик ишлари билан танишилди.
Маълумки, «Уйчи пардоз» хусусий корхонасининг қўли гул усталари томонидан мақбара асл ҳолати сақлаб қолинган ҳолда миллий услубда қайта таъмирланмоқда. Умумий майдони 1,40 сотих жойни эгаллаган мазкур зиёратгоҳга ҳамоҳанг равишда жоме масжиди қурилиши ҳам давом этмоқда. Вилоятимиз раҳбари зиёратгоҳда олиб борилаётган қурилиш ва бунёдкорлик ишларига юқори баҳо бериб, уларни жадаллаштириш зарурлигини таъкидлади.
Шунингдек, туманда ташкил этилаётган тўртта кичик саноат зонасига тамал тоши қўйилишига бағишланган тадбирлар ҳам бўлиб ўтди. Ўнҳаят ҳудудидаги «Овчибулоқ» кичик саноат зонаси 4 гектардан иборат бўлиб, бу ерда умумий қиймати 99,5 млрд сўмлик 30 та лойиҳа амалга оширилиши ва 600 га яқин янги иш ўрни яратилиши кўзда тутилган.
«Ёркатай» кичик саноат зонаси 4,7 гектар майдонда жойлашган. Бу ерда умумий қиймати 151,5 млрд. сўмлик 33 та лойиҳа амалга оширилиши ва ишга туширилиши натижасида 1200 тадан ортиқ иш ўринлари яратилиши режалаштирилган.
«Янгиер» кичик саноат зонаси 3 гектардан иборат бўлиб, умумий қиймати 36,6 млрд. сўмлик 8 та лойиҳа амалга оширилади ва 500 га яқин янги иш ўрни яратилади.
«Юксалиш» кичик саноат зонасида 28 гектар майдонда умумий қиймати 238,4 млрд. сўмлик 54 та лойиҳа амалга оширилиши таклиф қилинган. Лойиҳалар ишга туширилиши натижасида 1200 га яқин янги иш ўринлари яратилиши кўзланган.
Вилоят ҳокими ушбу кичик саноат зоналарида лойиҳалар билан танишув жараёнида ихтисослашувга алоҳида эътибор қаратди. Жумладан, «Овчибулоқ» кичик саноат зонасини озиқ-овқат маҳсулотларини қайта ишлаб чиқаришга, «Юксалиш» кичик саноат зонасини эса қурилиш маҳсулотларини ишлаб чиқаришга ихтисослаштириш таклиф қилинди.
Шунингдек, мазкур кичик саноат зоналаридаги ишларни жадаллаштириш ва 6 ойда якунлаш юзасидан тегишли кўрсатмалар берилди. Наманган вилоят ҳокимлиги ва Уйчи туман ҳокимлиги ахборот хизматлари.

