ХАЛҚ ДЕПУТАТЛАРИ ТУМАН КЕНГАШИНИНГ ҚАРОРИ
Уйчи туман ички ишлар бўлими бошлиғи С.Абдуллаевнинг «Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш соҳасида туман ички ишлар бўлими томонидан олиб борилаётган ишлар тўғрисида»ги ҳисоботи ҳақида
Уйчи туман ички ишлар бўлими бошлиғи С.Абдуллаевнинг «Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш соҳасида туман ички ишлар бўлими томонидан олиб борилаётган ишлар тўғрисида»ги ҳисоботини муҳокама қилиб, халқ депутатлари Уйчи туман Кенгаши таъкидлайдики, мамлакатимизда фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишга, жамоат тартибини сақлаш ва тинчликни таъминлашга давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири сифатида алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Уйчи туманида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликнинг олдини олиш борасида кенг жамоатчилик билан ҳамкорликдаги ишларни ташкил этиш мақсадида туман ҳокимлиги билан биргаликда алоҳида қўшма дастур ишлаб чиқилган ва ижрога қаратилган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 20 апрелдаги «Ички ишлар органлари таянч пунктларининг профилактика инспекторларини хизмат уй-жойи билан таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ-2906-сонли қарорига асосан 34 та хизмат уйи қурилиши режалаштирилган, шундан жорий йилда 7 та хизмат уйи янги қурилиши ҳамда 3 та хизмат уйида реконструкция ишлари олиб борилмоқда, уларнинг 1 таси фойдаланиш учун топширилган бўлиб, 1 таси фойдаланиш учун топшириш арафасида турибди.
Бугунги кунда ҳуқуқбузарликлар ва жиноятларнинг содир этилиши сабабларини чуқур таҳлил қилиб бориш, аниқлаш ва шу асосида уларга имкон бераётган шарт-шароитларни бартараф этиш юзасидан зарур чоралар кўриш ҳамда жойларда қонунийликни янада мустаҳкамлаш борасидаги ишларни тубдан кучайтиришни талаб этмоқда.
Жорий йилнинг ўтган 6 ойи мобайнида ҳамкорликда ўтказилган тадбирлар жараёнида 20 мингдан ортиқ хонадон ўрганиб чиқилди, 51 та жиноят кенг омма орасида муҳокама этилди, 685 та жиноят содир этишга мойил шахс, 1547 нафардан зиёд профилактик ҳисобда турувчи, шунингдек, аҳолини ёрдамга муҳтож қатлами аниқланиб, рўйхатлари олинди. Бугунги кунда уларга ижобий таъсир қилиши мумкин бўлган 4641 нафардан зиёд мураббий бириктирилди. 211 дан ортиқ оила яраштирилди, 655 нафардан зиёд вояга етмаган ўқувчи ўқиш жойларига қайтарилди.
Жиноятлар ва ҳуқуқбузарлик учун жазо муқаррарлигини таъминлаш, кенг аҳоли ўртасида огоҳлантирув тарғибот ўтказиш мақсадида 46 маротаба очиқ сайёр суд мажлиси бўлиб ўтди.
Оқибатда, умумий жиноятлар (131-120) 8,31 фоизга, жиноят қидирув йуналишидаги жиноятлар (68-63) 7,35 фоизга, жиноят турларидан ўлим билан тугаган йўл-улов ҳодисаси (9-5) 44 фоизга, шу билан бирга, муқаддам судланган шахслар томонидан жиноят содир этиш (9-8) 11 фоизга, аёллар томонидан (8-7) 12,50 фоизга, вояга етмаганлар жинояти (3-2) 33,33 фоизга, ишламайдиганлар жинояти (24-11) 54,17 фоизга, безорилик (3-2) 33,33 фоизга камайишига эришилди.
Тумандаги 56 та маҳалладан 13 тасида жиноят содир этилмади, 12 та маҳаллада жиноятчиликнинг камайишига эришилди, 10 та маҳаллада жиноятчилик тенг ҳолда қолган бўлса-да, 21 та маҳаллада ортди.
Айрим жиноятлар тенг қолган бўлса-да, бироқ салмоғи юқорилигича турибди. Жумладан, қасддан оғир тан жароҳати етказиш (1-1), ўртача оғир тан жароҳати етказиш (105) (2-2) жиноятлари шу жумладандир. Туманда фирибгарлик жиноятлари (16-18) 12 фоизга, енгил тан жароҳати етказиш (109-м) (1-3) 200 фоизга ортишига йўл қўйилди.
Уйчи туман ички ишлар бўлими бошлиғи С.Абдуллаевнинг «Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш соҳасида туман ички ишлар бўлими томонидан олиб борилаётган ишлар тўғрисида»ги ҳисоботини муҳокама қилиб, «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 6-моддасига мувофиқ, халқ депутатлари Уйчи туман Кенгаши
ҚАРОР ҚИЛАДИ:
- Уйчи туман ички ишлар бўлими бошлиғи С.Абдуллаевнинг «Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш соҳасида туман ички ишлар бўлими томонидан олиб борилаётган ишлар тўғрисида»ги ҳисоботи маълумот учун қабул қилинсин.
- Уйчи тумани ҳокимининг саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосари (С.Ҳамидов):
-профилактика инспекторларини хизмат уй-жойи билан таъминлаш борасида олиб борилаётган ишларни самарали ташкил этиб борсин;
-икки ойлик муддатда туман ички ишлар бўлими (С.Абдуллаев) билан биргаликда жойлардаги ички ишлар органлари таянч пунктларининг ҳолатини ўрганиб чиқиб, уларда профилактика инспекторларига хизмат ўташ учун зарур шарт-шароитларни яратиб бериш чора-тадбирларини амалга оширсин.
- Уйчи туман ички ишлар бўлими(С.Абдуллаев)га:
-жамоатчилик билан биргаликда тумандаги барча маҳаллаларда, биринчи навбатда, жиноятчиликнинг ортиши кузатилган маҳаллаларда ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликнинг олдини олишга қаратилган тизимли чора-тадбирлар амалга оширилишини таъминлаш ҳамда натижалари юзасидан халқ депутатлари Уйчи туман Кенгашига жорий йилнинг III чораги якунлари бўйича ахборот бериш;
-жиноятларни содир этишга мойил, шу жумладан, муқаддам судланган, спиртли ичимликларни истеъмол килишга ружу қўйган, гиёҳвандликка чалинган ҳамда профилактика ҳисобида турувчи бошқа шахслар контингентини ажратиб олиш, улар билан тизимли учрашувлар ва якка тартибдаги профилактик тадбирлар ўтказиш, ишсизларини тегишли ташкилот ва муассасалар билан биргаликда бандлигини таъминлаш юзасидан чоралар кўриш;
-таълим муассасаларида ўқувчиларнинг давоматини мунтазам равишда ўрганиб бориш, машғулотларга қатнашмаётган ўқувчилар ҳамда уларнинг ота-оналари ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар билан яқиндан мулоқотлар ўрнатиш мақсадида жойларда «Давомат» тадбирларини ташкил этиш;
-вояга етмаганлар ва ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасида маҳаллаларда кенг жамоатчилик ҳамда ота-оналар иштирокида профилактика тадбирларини янада жадаллаштириш, уларни оммавий ахборот воситалари орқали кенг ёритилишини таъминлаш вазифалари юклансин.
- Ушбу қарор «Уйчинома» газетасида ва Уйчи туман ҳокимлигининг расмий веб-сайтида эълон қилинсин.
- Ушбу қарорнинг ижросини назорат қилиш халқ депутатлари Уйчи туман Кенгашининг қонунийлик, ҳуқуқ-тартибот ва фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш масалалари бўйича доимий комиссияси (М.Атабоев) зиммасига юклансин.
- Ушбу қарор қабул қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Халқ депутатлари туман Кенгаши раиси, туман ҳокими А.ТУРДИЕВ.
Уйчи шаҳарчаси,
2017 йил 26 июль.

