ХАЛҚ ДЕПУТАТЛАРИ ТУМАН КЕНГАШИНИНГ ҚАРОРИ

Уйчи туман ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари А.Раҳматовнинг «Ёшлар билан ишлаш соҳасида туманда олиб борилаётган ишлар тўғрисида»ги ахбороти ҳақида

Уйчи туман ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари А.Раҳматовнинг «Ёшлар билан ишлаш соҳасида туманда олиб борилаётган ишлар тўғрисида»ги ахборотини муҳокама қилиб, халқ депутатлари Уйчи туман Кенгаши таъкидлайдики, ҳар қандай жамиятнинг келажакдаги ривожланиши унинг ўсиб келаётган ёш авлодга бўлган муносабати, унга кўрсатилаётган ғамхўрлигидадир.

Мамлакатимизда мустақилликнинг дастлабки йилларидан бошлаб ёшлар тарбияси борасида, хусусан, ёшларни ҳар томонлама баркамол, етук инсон этиб тарбиялаш мақсадида барча зарурий чоралар амалга оширилмоқда.

Бугунги кунда Уйчи туманининг аҳолиси сони 200300 нафарни ташкил этади. Шундан 10-14 ёшдаги болалар сони 11 684 нафар бўлиб, улардан 11 567 нафари (99 фоизи) «Камалак» болалар ташкилотининг аъзосидир. 14-30 ёшгача бўлган ёшлар 46 934 нафар бўлиб, шундан 35 250 нафари (75 фоизи) Ўзбекистон ёшлар иттифоқига аъзо.

Уйчи туманида сўнгги пайтларда ёшларга бўлган эътибор натижасида улар республика миқёсида ўтказилаётган тадбирларда муносиб ўринларга эга бўлиб келмоқда. Соҳада эришилган ижобий натижалар билан бир қаторда туманда ўз ечимини кутаётган, уюшмаган ёшларнинг аниқ статистик маълумотлар базаси яратилмаганлиги, улар билан ишлашни ташкил этиш юзасидан самарали тизим йўлга қўйилмаганлиги, чет давлатларга ишлаш мақсадида кетган ёшларни қайтариш ишлари қониқарсиз даражада ташкил қилинганлиги каби бир қатор муаммолар ҳам мавжуд.

Туманда профилактик ҳисобда турган вояга етмаган ёшлар сони 15 нафардан иборат. Туманда вояга етмаганлар томонидан содир этилган ҳуқуқбузарликлар сони ўтган йилнинг мос даврига нисбатан ортган.

Уйчи туман ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари А.Раҳматовнинг «Ёшлар билан ишлаш соҳасида туманда олиб борилаётган ишлар тўғрисида»ги ахборотини муҳокама қилиб, «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 6-моддасига мувофиқ, халқ депутатлари Уйчи туман Кенгаши

ҚАРОР ҚИЛАДИ:

  1. Уйчи туман ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари А.Раҳматовнинг «Ёшлар билан ишлаш соҳасида туманда олиб борилаётган ишлар тўғрисида»ги ахбороти маълумот учун қабул қилинсин.
  2. Уйчи туман ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари (А.Раҳматов)га:

-ўн кунлик муддатда туманда уюшмаган ёшларнинг статистик маълумотлар базасини яратиш, уни шакллантиришда тегишли давлат органлари ва муассасаларнинг тизимли ҳамкорлигини йўлга қўйиш ҳамда ёшларнинг, айниқса, уюшмаган ёшларнинг бандлигини таъминлаш бўйича комплекс чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқиб, унинг амалга оширилишини ташкил этиш;

-таълим муассасалари, меҳнат жамоаларида Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг бошланғич ташкилотларини қайтадан ташкил қилиш, уларга алоҳида хоналар ажратиш ҳамда моддий-техник базасини мустаҳкамлаш борасида ишларни самарали йўлга қўйиш;

-бир ойлик муддатда таълим муассасалари ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари биноларида ҳамда меҳнат жамоаларида «Ёшлар иттифоқи бурчаги» ташкил этилишини таъминлаш;

-туманда жиноятчилик, ҳуқуқбузарлик содир қилинган, диний экстремистик оқимларга мойил бўлган, шунингдек, нотинч оилалардаги ёшлар рўйхатини шакллантириш, индивидуал ишлаш ҳамда уларга психологик ёрдам кўрсатишни маҳаллалар кесимида тизимли йўлга қуйиш;

-ҳар чоракда туманда ёшлар билан ишлаш соҳасида олиб борилаётган ишларнинг ҳолати тўғрисида халқ депутатлари Уйчи туман Кенгашига ахборот бериб бориш вазифалари юклатилсин.

  1. Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг Уйчи туман кенгаши (А.Атақўзиев):

-ўн кунлик муддатда таълим муассасалари, маҳаллалар ҳамда меҳнат жамоаларида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаолиятининг устувор йўналишлари ва мақсадини тарғиб этишга қаратилган манзилли тадбирларни ташкил этиш бўйича режа-жадвал ишлаб чиқсин ва унинг самарали амалга оширилишини таъминласин;

-бир ойлик муддатда Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг туман Кенгаши аппарати ҳамда бошланғич ташкилотлари учун истиқболли кадрлар захирасини шакллантирсин;

-ҳар ойда «Ҳоким ва ёшлар» учрашувини ўтказиш кунини туман ҳокими билан маслаҳатлашган ҳолда юқори савияда ташкил этиб борсин.

  1. Ушбу қарор «Уйчинома» газетасида ва Уйчи туман ҳокимлигининг расмий веб-сайтида эълон қилинсин.
  2. Ушбу қарорнинг ижросини назорат қилиш халқ депутатлари Уйчи туман Кенгашининг ижтимоий-маданий ривожлантириш, ёшлар сиёсати ва соғлом авлод масалалари бўйича доимий комиссияси (З.Каримова) зиммасига юклатилсин.
  3. Ушбу қарор қабул қилинган кундан эътиборан кучга киради.

 

Халқ депутатлари туман Кенгаши раиси, туман ҳокими                                А.ТУРДИЕВ.

Уйчи шаҳарчаси,

2017 йил 26 июль.