ХАЛҚ ДЕПУТАТЛАРИ ТУМАН КЕНГАШИНИНГ ҚАРОРИ
Уйчи туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи М.Азизованинг «Аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш борасида туманда олиб борилаётган ишлар тўғрисида»ги ҳисоботи ҳақида
Уйчи туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи М.Азизованинг «Аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш борасида туманда олиб борилаётган ишлар тўғрисида»ги ҳисоботини муҳокама қилиб, халқ депутатлари Уйчи туман Кенгаши таъкидлайдики, мамлакатимизда аҳолининг соғлиғини сақлаш, уларга малакали тиббий хизмат кўрсатиш тизимини шакллантириш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш каби йўналишларда кенг кўламли ислоҳотлар амалга ошириб келинмоқда.
Давлатимиз раҳбари Ш.М.Мирзиёев томонидан жорий йилнинг 5 январь, 7 февраль, 30 март ва 6 июль кунлари соғлиқни сақлаш тизимини янада ислоҳ қилиш масалаларига бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилишларида белгилаб берилган устувор вазифалар мамлакатимизда соғлиқни сақлаш соҳасида олиб борилаётган ишларни мутлақо янги сифат босқичига олиб чиқди.
Уйчи туман тиббиёт бирлашмаси ва унинг тасарруфидаги даволаш-профилактика муассасалари томонидан мазкур йўналишдаги чора-тадбирлар Президентимиз белгилаб берган вазифалардан келиб чиққан ҳолда амалга оширилмоқда.
Туман тиббиёт бирлашмаси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 29 мартдаги «Ўзбекистон Республикасида бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари фаолиятини ташкил этишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-2857 сонли қарори, туман ҳокимининг 2017 йил 11 апрелдаги 361-сонли қарорига асосан қишлоқ врачлик пунктлари қишлоқ оилавий поликлиникаларига айлантирилди. Мавжуд 17 та қишлоқ врачлик пунктидан 7 таси негизида 7 та қишлоқ оилавий поликлиникаси ташкил этилди, 4 та қишлоқ врачлик пункти ўз ўрнида қолдирилди ва юридик мақоми бекор қилиниб, бирлашма таркибига киритилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2015 йил 25 декабрдаги «Ўзбекистон Республикасининг 2016 йил Инвестиция дастури тўғрисида»ги ПҚ-2458-сонли қарорига асосан туман тиббиёт бирлашмаси кўп тармоқли марказий поликлиникаси ва туғруқхона бўлими бинолари 2016 йил Инвестиция Дастурига киритилган бўлиб, капитал қурилиш ва таъмирлаш ишлари якунланиб, ҳозирда фойдаланиб келинмоқда. Бу мақсадлар учун 4,5 млрд. сўм маблағ сарфланди. Марказий касалхона беморларни қабул қилиш бўлимининг фасад қисми ҳомийлар ёрдамида таъмирлаб берилди.
Ўттиз уч миллион сўмлик бюджет маблағи доирасида шошилинч тиббий ёрдам бўлимининг жарроҳлик бўлими учун ажратилган собиқ реанимация бўлими жорий таъмирланмоқда. Ташкил қилинган 31-сонли (/алаба), 32-сонли (Чўртук), 33-сонли (/айрат), 35-сонли (Бирлашган), 36-сонли (Жийдакапа), 37-сонли (Қизилровот) қишлоқ оилавий поликлиникаларида, қишлоқ врачлик пункти сифатида сақлаб қолинган Ахси ҚВПда таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Тиббиёт муассасаларини таъмирлаш ишларига жами 570 миллион сўм маблағ йўналтирилди.
Туманда жами 211 нафар врач, 1626 нафар ўрта тиббиёт ходими фаолият кўрсатади. Барча қишлоқ оилавий поликлиникалари қошида туну кун хизмат қилувчи тез тиббий ёрдам гуруҳлари ташкил қилинди ва қишлоқ оилавий поликлиникаларида соат 8:00 дан 20:00 гача иш вақти белгиланди ҳамда поликлиникада 6 нафар (УТТ, педиатр, терапевт, хирург, стоматолог, акушер-гинеколог) тор доирадаги мутахассислар қабули ташкил этилди.
Олиб борилаётган ишлар натижасида ўтган 6 ой давомида аҳолининг амбулатор-поликлиникага мурожаати 76,376 тага, беморларнинг стационар шароитида даволанишлари учун ётишлари 1671 тага, патронаж хизматининг тартибга солиниши натижасида кундузги стационарларда даволанувчилар сони 3015 тага камайди.
Туман тез тиббий ёрдам бўлими ва шохобчаларида 11 та гуруҳ туну кун аҳолига тез тиббий ёрдам кўрсатади. Туман тез тиббий ёрдам бўлими ва шохобчалари 11 та санитар автомашинаси билан таъминланган. Шундан 11 таси соз, 2 та автомашина маънан эскиргани учун уларни алмаштириш ва янгилари билан таъминлаш таклифи берилган.
Туман марказий шифохонасида 30 ўринли шошилинч тиббий ёрдам бўлими бўлиб, шундан 10 та ўрин жарроҳлик, 10 таси терапевтик, 10 таси болалар бўлимига ажратилган.
Бўлим замонавий тиббий жиҳозлар, жумладан, УТТ (ультра товуш текшируви-Доплер), рақамли рентген аппарати, диагностик лапароскоп, эндоскоп, кардиомонитор, сунъий нафас олдириш ва наркоз аппарати ҳамда бошқа бир қатор замонавий тиббий аппаратуралар билан таъминланган. 2018 йилда Инвестиция Дастури давом этса, шошилинч тиббий ёрдам бўлими учун лойиҳа асосида янги бино қурилиши режалаштирилган.
Халқ депутатлари Уйчи туман Кенгашининг 2017 йил 3 апрелдаги 33-сессияси 121/33-05 сонли қарорида ташкил этиладиган қишлоқ оилавий поликлиникаларининг ҳудудларида аҳоли учун арзон ва сифатли дори воситалари ҳамда тиббий буюмлар сотувини йўлга қўядиган «Дори-дармон» АК тизимининг дорихоналарини жойлаштириш, мақбуллаштириш асосида янги ташкил этилаётган ҚВПлар ва поликлиникалар раҳбарлигига номзодларни тасдиқлаш учун халқ депутатлари туман Кенгашига киритиш, туман тиббиёт бирлашмаси, туман молия бўлими ва бошқа тегишли муассасалар раҳбарларининг ушбу қарор ижросини таъминлаш, шунингдек, туманда аҳолига тиббий хизмат кўрсатишни, дори воситалари таъминотини янада яхшилаш, ушбу соҳадаги қонунчиликни амалиётга самарали татбиқ қилиш борасида олиб борилаётган ишлар ҳақидаги ҳисоботини халқ депутатлари Уйчи туман Кенгаши мажлисида эшитиб бориш амалиётини жорий этиш, аҳолига тиббий хизмат кўрсатаётган ҚВПлар ва поликлиникалар раҳбарларининг ахборотини тегишли фуқароларни ўзини ўзи бошқариш органларининг қўшма йиғилишларида ҳар 15 кунда туман тиббиёт бирлашмаси тақдим этган ва туман ҳокими томонидан тасдиқланадиган жадвал асосида эшитиб бориш ва қарорлар қабул қилиш бўйича вазифалар белгиланган бўлса-да, Кенгаш қарорининг тегишли бандлари тўлақонли ижроси таъминланмаган.
Уйчи туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи М.Азизованинг «Аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш борасида туманда олиб борилаётган ишлар тўғрисида»ги ҳисоботини муҳокама қилиб, «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 6-моддасига мувофиқ халқ депутатлари Уйчи туман Кенгаши
ҚАРОР ҚИЛАДИ:
- Уйчи туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи М.Азизованинг «Аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш борасида туманда олиб борилаётган ишлар тўғрисида»ги ҳисоботи маълумот учун қабул қилинсин.
- Туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи (М.Азизова):
-ўн беш кунлик муддатда туман тез тиббий ёрдам шохобчаларининг моддий-техника ҳолатини танқидий ўрганиб чиқиб, уларнинг фаолиятини самарали ташкил этиш учун зарур жиҳозлар ҳамда техника воситалари билан таъминлаш юзасидан туман молия бўлими (Д.Нурматов) билан келишган ҳолда асослантирилган таклифлар ишлаб чиқсин ҳамда тегишли тартибда киритилишини таъминласин;
-туманда тиббиёт муассасаларидаги бўш штат бирликларини соҳанинг тажрибали мутахассислари билан тўлдириш мақсадида пенсиядаги юқори малакали шифокорларни ишга жалб қилиш чораларини кўрсин;
-ўн кунлик муддатда туман тиббиёт бирлашмасида тиббиёт ускуналарига бўлган ҳақиқий эҳтиёжни аниқлаб, етишмайдиган ускуналар рўйхатини шакллантирсин ҳамда кўриб чиқиш учун Наманган вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасига киритсин;
-йигирма кунлик муддатда туманда ихтисослаштирилган тиббий хизматга муҳтож бўлган фуқаролар рўйхатини шакллантириб, республика тиббиёт муассасаларидан етакчи мутахассисларни туманга таклиф этиш юзасидан таклифлар тайёрласин ҳамда кўриб чиқиш учун Наманган вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасига тақдим этсин;
-аҳолининг тиббий маданиятини ошириш мақсадида жойларда мунтазам равишда репродуктив саломатлик, касалликлар профилактикаси, никоҳдан олдинги тиббий кўрикнинг аҳамияти каби масалалар юзасидан тарғибот-ташвиқот ишларини кучайтирсин.
- Туман молия бўлими (Д.Нурматов) туман тиббиёт бирлашмаси (М.Азизова) билан биргаликда туман тез тиббий ёрдам шохобчалари учун зарур жиҳозлар, мебеллар, алоқа воситаларини ички имкониятлардан келиб чиққан ҳолда сотиб олиш чораларини кўриб борсин.
- Ушбу қарор «Уйчинома» газетасида ва Уйчи туман ҳокимлигининг расмий веб-сайтида эълон қилинсин.
- Ушбу қарорнинг ижросини назорат қилиш халқ депутатлари Уйчи туман Кенгашининг ижтимоий-маданий ривожлантириш, ёшлар сиёсати ва соғлом авлод масалалари бўйича доимий комиссияси (З.Каримова) зиммасига юклансин.
- Ушбу қарор қабул қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Халқ депутатлари туман Кенгаши раиси, туман ҳокими А.ТУРДИЕВ.
Уйчи шаҳарчаси,
2017 йил 26 июль.

