МАТБУОТ ДЎКОНЛАРИ КЕРАКМИ?
Ҳаётимизни газета ва журналларсиз тасаввур этиш қийин. Албатта, бугунги кунда ижтимоий тармоқларга эътибор ошган бўлса-да, босма нашрларнинг ҳам ҳаётда ўз ўрни бор.
Бугунги кунда туманимизда жами 7 та матбуот дўкони мавжуд бўлса-да, улар бугунги кун талаби асосида фаолият кўрсатяпти, деб бўлмайди.
Туман кўп тармоқли марказий поликлиникаси ёнида жойлашган «Матбуот тарқатувчи»нинг 2-дўконида 7-8 хил газета бор экан. Бу ерда газета ва журналлар харидидан ташқари мобиль алоқа воситаларига сервис хизмати ҳам кўрсатиларкан.
Туман марказидаги «Худойберди эшон» жоме масжидининг ўнг тарафида жойлашган 5-матбуот дўконида 4-5 хил, 1-мактаб ёнидаги дўконда эса атиги 3-4 хил турдаги газета мавжуд. Газета ва журналлар савдосидан ташқари дўконда газли ичимлик сувлари, тиббиёт ниқоблари ва антисептик воситалар ҳам бор. Навбатдаги ташриф буюрган матбуот дўконимиз «Матбуот тарқатувчи» ШКнинг туманимизга қарашли дўконида 36 турдаги нашр борлигини айтишган бўлса-да, бу ерда ҳам 5-6 хил газетадан ортиғини кўрмадик. Бошқа нашрлар ҳам бор экан, аммо растада чанг бўлиб ётибди. Бу ерда ҳам қўшимча нусха кўчириш хизмати ҳамда газли ичимликлар савдоси йўлга қўйилган. «Агробанк» Уйчи бўлими ҳамда «Худойберди Эшон» жоме масжидининг рўпарасида жойлашган матбуот дўконларининг ички ҳолати яхши, аммо биз борганда эшигига қулф осилган, ишламаяпти.
Умуман олганда, матбуот дўконлари аслида керакми? Керак бўлса нега уларнинг хизматидан фуқароларимиз фойдаланмаяпти ёки нега газеталар расталарда чанг босиб ётибди? Балки матбуот дўконлари фаолиятини яхшилаш чораларини кўриш зарурдир. Сиз бунга нима дейсиз?
Эркинжон САФАРОВ.

