КОРРУПЦИЯ-АДОЛАТЛИ ЖАМИЯТ КУШАНДАСИ

Бундан қарийб йигирма йил аввал юртимизда “Инсон манфаатлари йили” дея эълон қилинганди. Демакки, мустақиллигимизнинг илк йиллариданоқ инсон манфаатлари ҳар нарсадан устун эканлиги масаласига давлат даражасида аҳамият қаратилган. Бироқ ушбу масала ечими қандай амалга оширилади, инсон манфаатлари қай йўсинда, қай жабҳада ўз аксини топади каби саволларга жавоб очиқлигича қолиб кетаверган. Бу орада халқ ва давлат бошқаруви органлари орасидаги узилиш аянчли аҳволга келиб қолди. Оддий фуқаронинг қалбида тўпланиб ётган дард аста-секин унинг эртанги ёруғ кунга ишончини сўндиришга хизмат қилди.

2017 йил юртимизда чинакам амалий ислоҳотлар йили сифатида тарих зарварақларидан ўрин эгаллайдиган бўлди. Муҳтарам Юртбошимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуслари билан илгари сурилган саъй-ҳаракатлар натижасида халқ ва ҳукумат ўртасидаги тўсувлар олиб ташланди, ўзаро муносабатларнинг шаффофлиги, натижадорлиги таъминланди.

Жорий йилнинг 18-19 июль кунлари Президентимиз топшириқларига биноан вилоятимизда «Адолатли жамият қуриш ҳамда фуқароларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш йўлида коррупцияга қарши кураш муаммолари» мавзусида учрашув ва мулоқотлар бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси давлат бошқаруви органлари раҳбарларининг шахсан иштироки таъминланди. Барча туманларда ташкил этилган сайёр учрашувларда фуқаролар билан юзма-юз туриб, уларни қийнаб келаётган муаммолар ечимига доир масалалар хусусида аниқ чора-тадбирлар белгиланди.

Мазкур кенг қамровли тадбир якунида бошқарув органлари раҳбарларининг вилоят телевидениеси орқали ҳисоботлари тингланди. Қолаверса, адолатли фуқаролик жамиятини вужудга келтириш йўлидаги маслаҳат, тавсиялар хусусида ўртоқлашилди.

 

Ихтиёр АБДУЛЛАЕВ, Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори:  

-Айнан Президентимиз ташаббуслари билан бошланган ушбу тадбирлар жамиятнинг турли соҳаларидаги мавжуд коррупция иллатларини бартараф қилишга қарши шиддатли кураш ташкил этилганлиги билан ҳам аҳамиятлидир.

Жойларда ташкил этилган мулоқотларда асосий эътибор «Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни мазмун-моҳиятини фуқароларимизга тушунтиришга қаратилди. Қувонарлиси, давлат ва халқ ўртасидаги бу каби мулоқотлар самараси ўлароқ халқимизда назорат идораларига бўлган ишонч кучайиб бормоқда.

 

Абдусалом АЗИЗОВ, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири:

-Сайёр қабул жараёнида фуқароларимиз томонидан ўз идорамизга бўлган эътирозлар масаласига асосий эътиборни қаратдик. Биргина Наманган вилоятининг ўзида 200 дан ортиқ ички ишлар ходими фаолияти ўрганилиб, улар интизомий ва маъмурий жавобгарликка тортилди, 20 нафардан ортиғи ишдан четлаштирилди.

Шунга қарамай, соҳада таъмагирлик, товламачилик, порахўрликка чек қўйиш масалалари долзарблигича қолмоқда.

 

Музраф ИКРОМОВ, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазири:

-Коррупция элементлари соғлиқни сақлаш, таълим, банк, кадастр, архитектура соҳаларида долзарблигини кўрсатди. Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш жоизки, коррупцияга қарши курашиш ҳар бир фуқаронинг мажбурияти бўлиши шарт. Ушбу иллатни йўқотишга бутун халқ биргаликда кураш олиб боришини таъминлаш орқалигина ижобий натижага эришамиз.

 

Муиджон ТОҲИРИЙ, Ўзбекистон Республикаси Давлат Божхона қўмитаси раиси:

-Ходимларимизнинг қўпол муомаласи, божхона кўриги вақтининг чўзилиши салбий ҳолатларни келтириб чиқармоқда.

Яқинда Наманган аэропортида содир бўлган шундай вазият таҳлил этилди. Мулоқотга андижонлик фуқарони олиб келдик. Ходимларимиз, идорамиз номидан узр сўрадим.

 

Ботир ПАРПИЕВ, Ўзбекистон Республикаси Давлат Солиқ қўмитаси раиси:

-Учрашув жараёнида 157 нафар фуқаро билан аноним сўров ўтказилди. Мансаб суиистеъмолчилиги, менсимай, қўпол муомалада бўлиш каби салбий ҳолатлар аниқланди. Бундан ташқари, мол-мулк, ер солиғига тўланган маблағлар солиқ ходимлари томонидан ўзлаштириб юборилганлиги ҳолатлари устидан назорат ўрнатдик.

 

Козимжон КОМИЛОВ, Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси:

-Соҳамизда коррупция масаласида бирорта муаммо фуқароларимиз томонидан кўтарилмади. Бу эса ўта хавотирли вазият, чунки фуқаролар буларни оддий кундалик ҳолат сифатида қабул қила бошлаганликлари кишини жиддий ташвишга солади.

Таъкидлаш жоизки, бўлиб ўтган сайёр қабуллар «Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак», -деган тамойилни бош ғоя сифатида кўтаргани билан ҳам аҳамиятли. Бу каби учрашувлардан аҳоли мамнун, фуқароларнинг эртанги кунга умиди, бошқарув органларига бўлган ишончи тобора ортиб бормоқда.

Абдулҳаким НИШОНОВ.