11 ЙИЛЛИК ТАЪЛИМ – ДАВР ТАҚОЗОСИ

Жорий йилнинг 30 июнь куни бўлиб ўтган «Камолот» ЁИҲнинг IV қурултойида муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан кўп соҳалар қатори таълим тизимидаги камчиликлар, нуқсонлар рўй-рост очиб берилди. Адолатли жамият қуриш йўлидан оғишмай бораётган юртимизда ҳар жабҳада ютуқ ва камчиликларни таҳлил этиш, бу борада шаффофликни таъминлаш масалаларига жиддий эътибор қаратиб келинмоқда.

Ўрта махсус касб-ҳунар таълимининг ҳаётга татбиқ этилиши 12 йиллик мажбурий таълим тизимини йўлга қўйиш билан биргаликда ёшларнинг ўзлари истаган касб-ҳунар эгалари бўлиб етишишлари учун замин яратди. Бу борада қўшни давлатлар андоза олишга арзирли ишлар йўлга қўйилди.

Бироқ, шу билан бирга, соҳадаги ислоҳотларни олиб боришда сусткашлик, кўзбўямачилик, ўзибўларчилик ҳолатларига қўл урилиши оқибатида қатор муаммолар вужудга келди. Хусусан, 9-синф битирувчиларини уйларидан олисда мутлақо бошқа муҳит, шароитдаги жамоада ўзлашиб кета олмасликлари оқибатида таълим самарадорлиги, давомат паст кўрсаткичга тушиб кетди. Коллеж битирувчилари билан тузиладиган тўрт томонлама шартномалар ёшларни иш билан таъминлаш ўрнига оддий расмиятчилик ва қоғозбозликка айланди.

Масканларда ўқувчиларнинг мунтазам дарсларга иштироки масаласини педагогик жамоа назорат қила олмай қолганлиги боис, бу ишга ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари, ўзини ўзи бошқариш идоралари, кенг жамоатчилик жалб қилина бошланди. Бундан ташқари, битирувчи ёшларнинг мутахас-сисликлари бўйича билим салоҳияти ҳам оғриқли масалалардан бири бўлиб қолаверди.

Ушбу муаммолар ёшларимизнинг мустақил ҳаёт остонасида илк қадам қўйишларида салбий таъсирини кўрсатмай қолмади.

Жорий ўқув йилида экспериментал тарзда умумий ўрта таълим мактабларида 11 йиллик таълим тизимига ўтиш ишлари олиб борилмоқда. Ушбу саъй-ҳаракат ўқувчиларимиз, уларнинг ота-оналари дилига тугиб қўйган энг долзарб муаммонинг ҳал этилаётганидан дарак бермоқда. Қолаверса, ёшларимиз ўзи келажагини белгилаш жараёнидаги яна бир имконият эшиги очилди, десак асло муболаға бўлмайди. Чунки улар олдида янги эркин танлов йўналиши пайдо бўлди.

Бугунги кунда 9-синф битирувчиларини 10-синфга қайтариш жараёни ҳам ўзига хос мураккабликлардан ҳоли эмас. Бу, аввало, ўқувилар, уларнинг ота-оналарини руҳан тайёрлаш масаласи билан боғлиқ. Шу боис, жамоатчилик ўқитувчилар жамоаси олдида турган долзарб масалалардан бири кенг омма орасида тарғибот ишларини кучайтиришдан иборат бўлади.

Зулхумор КАРИМОВА,

туман Кенгаши депутати.