БАХТИМИЗ ҚОМУСИ

Бахтимиз қомуси ҳисобланган асосий қонунимиз демократик ҳуқуқий давлат ва кучли фуқаролик жамиятини барпо этиш, эркин бозор муносабатлари ҳамда хусусий мулк устуворлигига асосланган иқтисодиётни қуриш, халқимизнинг тинч, обод ва фаровон ҳаётини таъминлаш, Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги обрў-эътиборини юксалтиришда мустаҳкам ҳуқуқий пойдевор бўлиб хизмат қилмоқда.

Конституциямизнинг ўзига хос жиҳатлари ҳақида сўз борганда, унда инсонпарвар демократик ҳуқуқий давлат барпо этиш мақсад қилингани, инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари энг олий қадрият дея эътироф этилгани, жаҳон конституцияшунослик хазиналари бўлмиш – тенглик, адолат, мафкура ҳамда фикрлар хилмахиллиги, ҳокимиятлар бўлиниши, фуқароларни ҳуқуқ ва эркинликларидан суд қарорисиз маҳрум этиб бўлмаслиги, айбсизлик презумпцияси кабилар мустаҳкамланганлигини таъкидлаш зарур.

Яна бир муҳим ҳамда халқаро экспертлар томонидан алоҳида эътирофини топган хусусият, бу – Конституциянинг «Ўзбекистон халқи» деб бошланишидир, яъни Ўзбекистон халқи: «инсон ҳуқуқларига ва давлат суверенитети ғояларига содиқлигини тантанали равишда эълон қилиб, ҳозирги ва келажак авлодлар олдидаги юксак масъулиятини англаган ҳолда, ўзбек давлатчилиги ривожининг тарихий тажрибасига таяниб, демократия ва ижтимоий адолатга садоқатини намоён қилиб, халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган қоидалари устунлигини тан олган ҳолда, республика фуқароларининг муносиб ҳаёт кечиришларини таъминлашга интилиб, инсонпарвар демократик ҳуқуқий давлат барпо этишни кўзлаб, фуқаролар тинчлиги ва миллий тотувлигини таъминлаш мақсадида, ўзининг мухтор вакиллари сиймосида Ўзбекистон Республикасининг мазкур Конституциясини қабул қилади» деган жумлаларни қамраб олгани ҳам таҳсинга сазовордир. Бундай жумлаларни бошқа бирон-бир ҳужжатда учратмаймиз. Шунинг ўзи ҳам халқ ҳокимиятчилигининг ёрқин далолатидир.

Ҳалимжон ҚОБИЛОВ, туман адлия бўлими бошлиғи.