КОРРУПЦИЯ ВА МЕН
Она тупроғим! Киндик қоним тўкилган маскан. Бу масканда Амир Темур, Навоий, Бобур каби буюк боболаримизнинг излари бор. Мен адолатни , ҳалолликни ўз асарларида акс эттирган аждодларимизнинг фарзанди эканлигимдан фахрланиш ҳиссини туяман. Менинг бу галги фикрларим жамиятимизнинг тараққий этишига соя солувчи иллатлар ва уларнинг олдини олиш ҳақида боради.
Шахснинг ўз хизмат ёки мансаб-мавқеидан шахсий манфаатларини қўллаб , моддий ёки номоддий наф олиш мақсадида қонунга хилоф равишда фойдаланиши коррупциядир. Коррупцияга алоқадор одам қонунни бузишдан ташқари ўзининг кимлиги, эътиқоди, маънавияти қай даражада эканини ошкор қилади.
Менинг отам биз, фарзандларини ҳалол луқма билан катта қилмоқдалар. Ҳалол билан ҳаромни, оқ билан қорани, дўст билан душманни ажратишни, ҳар бир ишда билимга таянишни уқтирадилар.
Буюк файласуфимиз Форобий ўзининг ижтимоий қарашларида маънавий бой, адолатли инсон ҳеч қачон йўлда қоқилмайди ва порахўрликка йўл қўймайди, деб таъкидлаганлар. 2017 йил 4 январда Ўзбекистон Республикасининг «Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги Қонуни кучга киргани – коррупцияга барҳам бериш учун барча асосларни яратиб берди. Коррупциянинг яна бир кўриниши таъмагирликдир. Жалолиддин Румий таъмагирлик ҳақида шундай деган эдилар: «Ҳирс ва таъма инсонни кўр ва кар қилади».
Агар тарихга назар солсак, буюк подшоҳларимиз Амир Темур, Заҳириддин Муҳаммад Бобурлар давлатни адолат билан бошқарганлар. Юсуф Хос Ҳожиб «Қутадғу билиг» асарида бошлиқ бешта ишдан узоқ турмоғи, ундан асранмоғи шарт эканлигини айтиб ўтган. Булар: шошмаслик, очкўзлик, жаҳолат, ёвузлик, ёлғон ва қўпол бўлмаслик.
Азиз тенгдошларим! Жамиятга хавф туғдираётган иллатлардан ҳоли бўлайлик. Юртбошимизнинг бизларга яратиб бераётган шароитларидан оқилона фойдаланайлик.
Маржона РУСТАМЖОНОВА, 6-мактабнинг 11-синф ўқувчиси.

