БОТУЛИЗМ – ХАВФЛИ

Ботулизм – овқатдан заҳарланиш касалликлари ичида асаб тизимининг зарарланиши билан кечадиган оғир хасталикдир. Ботулизм термини – колбасадан заҳарланиш деган тушунчани билдиради. Чунки тарихда касаллик колбаса ва унинг маҳсулотлари истеъмол қилингандан кейин пайдо бўлган (биринчи маротаба) касаллик қўзгатувчисини  1895 йили Ван Эрм Енгем чўчқа гўшти қолдиғидан ажратиб олган. Споралар қулай шароитга тушиб қолганда кўпайиб, ўсиш жараёнида токсинлар ажратади, бунинг учун энг қулай ҳарорат Қ22, Қ37 даража ҳисобланади, Қ14 даражадан паст ҳароратда токсин ишлаб чиқариш тўхтайди.

Бу токсин бошқа токсинлар ва кимёвий моддалар орасида энг кучли органик заҳар ҳисобланади. Унинг 3 микрограмми одамни ўлдиради. Ботулизм заҳари 20 дақиқа қайнагандан кейингина парчаланади. Овқат маҳсулотларида тузнинг юқори концентрацияларида ва консерваланган маҳсулотларда сақланади. Қўзғатувчининг кўпайиши ва токсин ишлаб чиқариши учун кислородсиз муҳит қулай ҳисобланади. Ҳайвон маҳсулотларида, балиқда ҳам ботулизм қўзғатувчилари яхши ривожланади.

Касалликнинг олдини олиш мақсадида уй шароитида помидор, бодринг, бақлажон икраси каби консерва маҳсулотларни тайёрламаслик, белгиланмаган жойлар, кўча-куйларда сотилаётган консерва маҳсулотларини харид қилмаслик, дўконлардан консерва маҳсулотларини харид қилиш жараёнида маҳсулот ёрлиғи ва унда келтириб ўтилган ишлаб чиқарувчи корхона номи, ишлаб чиқарилган санаси, яроқлилик муддатига алоҳида эътибор бериш, ҳар қандай консерва маҳсулотларини очишдан олдин уни чайқамасдан яхшилаб кўздан кечириш, қопқоғи кўтарилмаганлигига, суюқлигининг тиниқлигига ва маҳсулотнинг эзилмаганлигига эътиборли бўлиш зарур бўлади.

Қопқоғи кўтарилган консерва банкаларини сотиб олиш ва очиб истеъмол қилиш ҳаёт учун хавфлидир. Шунинг учун бундай консерва маҳсулотларини истеъмол қилиш мумкин эмас. Ҳар бир одам оилада, ишда, кундалик турмушда тозаликка жиддий эътибор бериши лозим. Консерва, колбаса, дудланган маҳсулотларни тайёрлаш ва сақлаш қоидаларига қатъий амал қилиш керак.

Нодирбек ИСОМИДДИНОВ,

туман СЭО ва жамоат саломатлиги хизмати бўлими санитария бўлими мудири,      

Акбарали АБДУЛЛАЕВ,

Нодирбек ҚАЮМОВ,

овқатланиш гигиенаси бўлинмаси мутахассислари.