ШУНҚОР ҚИЗАЛОҚ
Профессор дўстимиз Муҳаммаджон Жакбаров суҳбатларимизнинг бирида Ясмина исмли невараси картинг мусобақасида республика ғолиби бўлганлигини айтиб қолди. Мен қизиқиб, неварасининг ёшини сўрасам, тўққиз яшар экан. Ишониб-ишонмай, қизчани кўз олдимга келтирдим ва у билан учрашгим келди. Уйларига бордим. Хонадон соҳиблари Адҳамжон Эгамбердиев ва Муҳаббат Жакбарова иштирокида Ясмина билан суҳбатлашдим. Аввало, қизчанинг кам учрайдиган исмининг маъноси билан қизиқдим. Ясмина ниҳоятда чиройли ва хушбўй гулнинг номи экан.
Суҳбатимиз аносида маълум бўлдики, ота-она Ясминани 5-6 ёшлигида аввал рақс, сўнг сузиш ва теннис тўгаракларига олиб боришган, аммо қизчада бу машғулотларга қизиқиш бўлмаган.
Картинг бўйича спорт устаси бўлган Адҳамжон 2015 йил Тошкентда бўлган мусобақага қизи Ясминани ҳам олиб борган. Қизалоқ у ерда картингчи қизларни кўриб: «Вой, дада, қизлар ҳам картинг минадими?»- деб сўрайди.
Отаси: «Ҳа, қизим, хоҳласанг сен ҳам ҳайдашинг мумкин»,-дейди.
Шунда Ясмина: «Ҳа, мен ҳам картинг ҳайдайман, биринчи бўламан»,-деган экан.
Шундан сўнг у ҳовлиларида бўлган картинг рулига ўтирволиб, ўзича «ҳаммадан ўзиб, биринчи ўринни олаверган». Табиийки, ота қизчани Наманган шаҳридаги картодромга олиб борди ва машғулотлар бошланди. Шу йилнинг ўзида Ясмина Янгиер шаҳрида ўтказилган республика биринчилигида мотори 50 куб. см. ҳажмли «Пионер-класс» картингида иштирок этиб, 22 нафар қатнашчи орасида 8-ўринни эгаллади.
Тажриба ва маҳоратини ошириб борган қизалоқ аста-секин юқори натижаларга эриша бошлади. Биргина 2017 йилнинг 1-ярмида Ясмина апрель ойида Учқўрғон шаҳрида очиқ вилоят кубоги мусобақасида, Бухорода бўлган республика биринчилигида, май ойида Учқўрғонда ўтган республика кубоги 1-, 2-босқич баҳсларида ҳам 1-ўринни эгаллади ва июнь ойидаги финал босқичида мутлақ ғолибликка эришди. Мусобақа иштирокчиларининг 90 фоизи ўғил болалар эканлигини ҳисобга олсак, Ясминанинг маҳорати-ю жасорати таҳсинга лойиқдир.
Чемпион қизчанинг кейинги режалари ҳақида сўраганимда, унинг келгуси йилдан мотори ҳажми 61,5 куб.см. бўлган «Мини» картингига ўтишга ва шу орқали халқаро мусобақаларда иштирок этишга тайёр-гарлик кўраётгани маълум бўлди.
Демак, Уйчимизнинг жасур ва эпчил қизи Ясмина Эгамбердиевани яқин йилларда жаҳон картодромларида кўрсак, ажаб эмас.
Дарвоқе, жажжи Ясминанинг издошлари ҳам чиқмоқда экан. Музаффар Маҳаммаджонов вилоят мусобақаларида фахрли ўринларни эгаллашга киришибди.
Суҳбатимиз якунланар экан, фикр кечди: Наманган ва Учқўрғон шаҳарларида картодром мавжуд, аммо чемпион Уйчидан чиқаяпти. Агар мутасадди идоралар ва раҳбарлар бу спорт турига жиддийроқ эътибор қаратсалар, картодром қурилиб, шароитлар яратилса, фарзанларимизнинг камолоти юксалиб боравериши, шубҳасиз.
Ўринбой МЎМИНОВ.

