ҲАЁТБАХШ ҚОИДАЛАР

Конституциянинг 17-моддасига биноан, Ўзбекистон Республикаси халқаро муносабатларнинг тўла ҳуқуқли субъектидир. Унинг ташқи сиёсати давлатларнинг суверен тенглиги, куч ишлатмаслик ёки куч билан таҳдид қилмаслик, чегараларнинг дахлсизлиги, низоларни тинч йўл билан ҳал этиш, бошқа давлатларнинг ички ишларига аралашмаслик қоидаларига ва халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган бошқа қоидалари ва нормаларига асосланади.

Ташқи сиёсий фаолият концепциясига кўра, Ўзбекистон Республикаси давлатнинг, халқнинг олий манфаатларига, фаровонлиги ва хавфсизлигига, мамлакатни модернизация қилишнинг устувор йўналишларига, амалдаги миллий қонунчилик ҳамда қабул қилинган халқаро мажбуриятларга амал қилган ҳолда иттифоқлар тузиш, ҳамдўстликларга ва бошқа давлатлараро тузилмаларга кириш, шунингдек, улардан чиқиш ҳуқуқини ўзида сақлаб қолади. Шунингдек, тинчликсевар сиёсат юритади ва ҳарбий-сиёсий блокларда иштирок этмайди, ҳар қандай давлатлараро тузилмалар ҳарбий-сиёсий блокка айланган тақдирда, улардан  чиқиш ҳуқуқини ўзида сақлаб қолади.

Албатта, Ўзбекистон ҳукумати томонидан тинчликпарвар ички ва ташқи сиёсатнинг тарғиб этилишида қатор тарихий, ғоявий-маънавий асослар мавжуд. Меҳнаткаш, бағрикенг, кўп миллатли Ўзбекистон халқи узоқ ўтмиш силсиласида эришган маънавий қадриятлари негизида осойишталикнинг аҳамияти беқиёс. Барқарор тараққиётнинг узлуксиз таъминланиши учун эса халқаро саҳнада тинчликни қўллаб-қувватлаш долзарб масала эканини барчамиз яхши биламиз.

Ўзбекистон Республикасининг ташқи сиёсий фаолияти миллий манфаатларни ҳисобга олган ҳолда ўзаро ҳамкорлик ришталарини мустаҳкамлаш, халқаро майдонда ўзаро тенглик, хавфсизлик ва ҳамкорлик, инсон манфаатларининг устунлиги принципларини таъминлашга қаратилганки, буларнинг барчаси бош қомусимизда белгиланган узоқни кўзлаган ҳаётбахш қоидаларнинг амалдаги ифодасидир.

Улуғбек НОМАНОВ, туман прокурори.