СУВНИНГ ҲАМ УВОЛИ БОР

Сув энг бебаҳо неъмат ва у ҳаётни ташкил қилувчи моддалар алмашинуви жараёнида муҳим роль ўйнайди. Саноат ва қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришда, маиший турмушимизда катта аҳамиятга эга. Бир сўз билан айтганда, сув ҳаёт манбаидир.

Одатда кўча бўйларидаги ариқ ва зовурлар икки мақсадни кўзлаб очилади. Биринчиси, йўл бўйидаги аҳолини оқин сув билан таъминлаш бўлса, иккинчиси, кўчаларимиз чиройига чирой қўшиб ўсаётган манзарали дарахт ва гулларни суғориш учун.

Афсуски, Нориндарё ўзанлари, ШФК қирғоқ минтақалари, Чортоқсой ва маҳаллалар айрим ҳудудларда сувдан маиший чиқиндиларни оқизувчи манба сифатида фойдаланаётир. Айтайлик, чироқсиз ҳолатдаги озиқ-овқат маҳсулотларини чиқинди сифатида ариққа ағдараётганларни наҳотки ўша сувдан фойдаланган оилаларнинг соғлиги ташвишга солмайди?! Кекса отахон, онахонлар сувнинг ҳам уволи борлигини, уни булғаш гуноҳ эканлигини тушунтира  олмасалар? Тўғри, юртимиз аҳолисининг аксарияти тоза ичимлик суви билан таъминланган ва ҳаттоки, инсон соғлигига фойдали минерал тузларга бой булоқларимиз ҳам кўп. Лекин бу оқин сувларга ҳар хил маиший уй-рўзғор  чиқиндиларни оқизиш мумкин дегани  эмаску?!

Инспекторларимиз томонидан ушбу ҳудудларда профилактик рейд тадбири ўтказилганда, Қумтепа МФЙ ҳудудида яшовчи фуқаро М.Ю. томонидан Норин-дарё ўзанлари сувини булғатиш ҳолатига йўл қўйганлиги сабабли маъмурий жаримага тортилди.

Шундай жойлар борки, оқин сув у ёқда турсин, ичимлик суви ҳам йўқ! Бўлса ҳам ичишга, истеъмолга яроқсиз. Одамлар четдан келтирилган сув ҳисобига яшайди. Умуман олганда, шаҳримиз кўчаларини янада озода сақлаш, очиқ сув ҳавзаларининг ифлосланишига йўл қўймаслик ва аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш ҳамда сув ҳавзаларини булғамаслик, барчамизнинг инсонийлик бурчимиздир.

Илҳомжон СОДИҚОВ,

Шерзод ОРИФОВ, экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги бўйича туман инспекцияси давлат инспекторлари.