ҲАР БИР МУРОЖААТ – ЭЪТИБОРИМИЗДА
Ўзбекистон Республикаси Президентининг туманимиздаги Халқ қабулхонасида қабулхона мудири, мутахассис, иш юритувчи ва компьютер оператори, жами тўрт нафар аппарат ходими фаолият олиб боради.
Ҳозирга қадар Халқ қабулхонасига фуқаролардан 619 та ёзма, 746 та оғзаки, жами 1365 та мурожаат келиб тушди. Уларнинг имкон қадар ечимини топиш ва фуқароларнинг муаммоларини ўз ўрнида ҳал этиш чоралари кўрилмоқда. Бунда, асосан, бизга олти ой муддатга амалий ёрдам бериш учун жалб этилган ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва бошқа тегишли ташкилотлар масъул ходимларининг хизмати катта бўляпти.
Аризаларнинг таҳлили шуни кўрсатмоқдаки, уларнинг 98 таси моддий ёрдам, 108 таси уй-жой ва ер, 75 таси алимент, 63 таси ишсизлик, 19 таси фуқаролар суд қарорларидан норозилиги, 18 таси пенсия таъминоти, 64 таси банкдан кредит ажратиб берилмаётганидан норози эканлиги ва 174 та бошқа масаласидаги мурожаатлардир.
Туманимизнинг чекка ҳудудларида ҳар ҳафта ташкил этилаётган сайёр қабулларда фуқаролардан мурожаатлар қабул қилиниб олинмоқда ёки уларнинг мурожаатлари ўз ўрнида ҳал этилмоқда. Шу кунга қадар сайёр қабуллар жараёнида 48 та мурожаатга ўз ўрнида тушунтириш берилди ёки қаноатлантирилган, 75 та мурожаат эса ўрганиш учун ташкилотларга юборилган.
Юқорида қайд этиб ўтганимиздек, мурожаатларнинг аксарияти уй-жой қуриш учун ер участкаси ажратилиши юзасидан бўлмоқда. Айни масалада сўз кетганда таъкидлаймизки, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 30 декабрдаги 272-сонли қарори билан тасдиқланган «Якка тартибдаги уй-жой қурилиш тўғрисида»ги Низомда уй-жой қуриш учун мўлжалланган бўш ер участкалари мавжуд эмаслиги, ер участкаси бериш рад этилиши учун асос ҳисобланиши назарда тутилган. Ер участкаларини «Ким ошди» савдоси орқали сотиб олиниши белгиланган.
Шунингдек, маҳалла фуқаролар йиғини томонидан тайинланадиган нафақа пуллари юзасидан келиб тушаётган мурожаатлар ҳам оз эмас. Фуқаролар билиб қўйсалар фойдадан ҳоли бўлмасдики, Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 15 февралдаги 44-сонли қарорида ариза ойнинг 15-санасидан кечиктирмай ариза берувчининг доимий яшаш (рўйхатдан ўтиш) жойига, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органига берилиши, нафақа ва моддий ёрдам ҳар бир оила аъзосига ўртача ойлик жами даромад миқдори даромад аниқланаётган давр учун белгиланган энг кам ойлик иш ҳақининг 1,5 бараваридан ортиқ бўлмаган оилаларга тайинланиши, оила нафақа ёки моддий ёрдамнинг фақат бир турини олиш ҳуқуқига эгалиги, нафақа ва моддий ёрдамни тайинлаш ёки рад этиш масалалари маҳаллада фаолият олиб бораётган комиссия томонидан кўриб чиқилиши кўрсатиб ўтилган.
Фаолиятимизни бошлаган вақтдан ҳозирга қадар Халқ қабулхонасига мурожаат этган юздан ортиқ фуқаронинг мурожаати туман Халқ қабулхонаси томонидан ўрганиб чиқилиб, уларнинг ариза ва шикоятлари қаноатлантирилиши таъминланган. Жумладан, Иттифоқ МФЙда яшовчи М.Эгамовнинг «Сарвиноз Гулистон» фермер хўжалигида ишлаган давридаги иш ҳақи ундирилишига эришилди, Иттифоқ МФЙда яшовчи Н.Жўраев ва Гулбоғ МФЙда яшовчи М.Жўраевалардан туман электр тармоқлари корхонаси ходими томонидан нотўғри олинган 550.000 сўм пуллари қайтарилди. Хўжаобод МФЙда яшовчи Д.Деҳқонованинг турмуш ўртоғи чет давлатда ишлаб топган иш ҳақи фуқародан ундирилди, Боғ МФЙда яшовчи Р.Капасовга омонатга қўйган 37.000.000 сўм пули олиб берилди.
Шунингдек, Ш.Абдураимованинг «Шредер узумчилик» фермер хўжалигида ишлаган иш ҳақи ундирилди, Х.Абдуқодированинг пул олди-бердиси юзасидан мурожаати ҳал этилди, Боғ кўча МФЙда яшовчи М.Мирзаҳмедовага «Намтекс» корхонасидан берилмаган суюнчи пуллари тўланди, Чортоқ туманидан У.Обидовнинг Уйчи туман ТРИБга ортиқча тўлаган тўлови қайтарилди, Н.Олимовага 900.000 сўм, З.Тоштемировага 5.000.000 сўм алимент пуллари ундириб берилди.
Бундан ташқари, Беруний МФЙда яшовчи Т.Иномов шикояти асосида ноқонуний чиқарилган туман ҳокимининг қарорига протест келтирилган, Янгичек МФЙда яшовчи ногирон У.Қодировга соғлигини тиклаши учун санаторийга йўлланма берилган, М.Юнусова ва Д.Қирғизовалар аввалги иш жойига қайтарилди, Муборак МФЙда яшовчи И.Эргашев шикояти асосида ноқонуний эгаллаб олинган қабристон ерлари давлат эгалигига қайтарилди, Беруний МФЙда яшовчи М.Турғунованинг туман касалхонасидаги муфель печи атрофдаги фуқаролар соғлигига жиддий хавф туғдираётгани ҳақидаги ҳақли эътирози ўрганилиб, туман ДСЭНМ томонидан тегишли чоралар кўрилди, А.Ҳожимирзаевани соғлигини тиклаш учун ёрдам берилишини сўраб билдирган оғзаки мурожаати юзасидан касалхонага жойлаштирилиб, керакли дори-дармонлар билан таъминланган.
Жамолиддин НИЗАМОВ,
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Уйчи туманидаги Халқ қабулхонаси мудири.

