ЁШЛАРДАН ШИЖОАТ, ЯНГИ ТАШАББУСЛАРНИ КУТАМИЗ

Шу йил 28 июль куни 13-сонли болалар мусиқа ва санъат мактаби концертлар залида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи туман кенгашининг навбатдан ташқари кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди.

Унда туман ҳокими, туман Кенгаши депутати Абдуғани Турдиев иштирок этди ва мамлакатимиз раҳбарининг «Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракатининг  IV қурултойидаги нутқидан келиб чиқадиган вазифалар ҳақида маъруза қилди. Туманимиз раҳбари янги ташкил этилаётган Ўзбекистон ёшлар иттифоқи туман кенгаши фаолларининг олдида турган долзарб вазифаларни белгилаб берди.

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши раиси ўринбосари Муҳаммадали Убайдуллаев ёшларни кўзланган мақсадга эришишда янада фаол ва шижоатли бўлишга чақирди.

Уйчи маиший хизмат касб-ҳунар коллежи ўқувчиси, ёш ижодкор Машҳура Аҳмаджонова,  Уйчи саноат, транспорт ва алоқа касб-ҳунар коллежи ўқувчиси, белбоғли кураш бўйича жаҳон чемпионатига йўлланмани қўлга киритган Муроджон Ҳамидов ёшларга кўрсатилаётган эътибор учун миннатдорчилик билдириб, ишончни оқлажакларини изҳор қилишди.

Кенгайтирилган  йиғилишда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи туман кенгаши раисини сайлаш тўғрисидаги масала ҳам кўриб чиқилди. Йиғилиш иштирокчилари Уйчи маиший хизмат касб-ҳунар коллежида маънавият ва маърифат ишлари бўйича директор ўринбосари вазифасида ишлаб келаётган Анваржон Атақўзиев номзодини бир овоздан маъқуллашди ва уни Ўзбекистон ёшлар иттифоқи туман кенгаши раиси этиб сайлашди.

Йиғилиш якунида туманимиз раҳбари: «Ёшлардан шижоат, янги ташаббусларни кутамиз», -деди. Шу билан бирга, туман марказидаги 10-мактабгача таълим муассасаси ёнида бир неча йилдан бери қаровсиз турган собиқ ёзги амфитеатр ўрнида «Ёшлар хиёбони» ташкил этиш таклифини билдирди ва тез орада уни фойдаланишга топширилишини эълон қилди.

Муҳаммад АЛИ.