УЙЧИ ТУМАНИДАГИ АЙРИМ АҲОЛИ ПУНКТЛАРИ, МАҲАЛЛА ФУҚАРОЛАР ЙИҒИНЛАРИ ВА КЎЧАЛАРНИНГ НОМИНИ ЎЗГАРТИРИШ ТЎҒРИСИДА
«Географик объектларнинг номлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ижросини таъминлаш мақсадида «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 6-моддасига асосан халқ депутатлари Уйчи туман Кенгаши
ҚАРОР ҚИЛАДИ:
1. Туман ҳокимининг тумандаги айрим аҳоли пунктлари, маҳалла фуқаролар йиғинлари ва кўчаларнинг номини ўзгартириш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.
2.Туманда номлари ўзгартирилган аҳоли пунктлари, маҳалла фуқаролар йиғинлари 1-иловага, кўчаларнинг номлари 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
3. Туман статистика бўлими (З.Раҳматов), туман ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри давлат кор-хонаси (Н.Жамолов), туман қурилиш бўлими (Д.Юлдашев) туман ҳокимлиги билан биргаликда номлари ўзгартирилган аҳоли пунктлари, маҳалла фуқаролар йиғинлари ва кўчаларни, шунингдек, янгидан номланган аҳоли пунктлари, маҳалла фуқаролар йиғинлари ва кўчаларни давлат рўйхатидан ўтказиш ҳамда электрон базани шакллантириш, иш юритиш ҳужжатларига тегишли ўзгартиришлар киритиш билан боғлиқ барча тадбирларни амалга оширсин.
4. Туман ички ишлар бўлими (А.Хўжахонов) номлари ўзгарган аҳоли пунктлари, маҳалла фуқаролар йиғинлари ва кўчаларда яшовчи аҳолининг фуқаролик паспортларига, мазкур ҳудуд акс эттирилган йўл белгиларига тегишли ўзгартиришлар киритиш ишларини ташкилий равишда амалга оширсин.
5. Туман қурилиш бўлими (Д.Юлдашев) ҳудудларда янги номланган ва номлари ўзгартирилган аҳоли пунктларининг таркибий қисмларини янги номлари ёзилган кўрсаткич ва белгилар, пешлавҳаларни замонавий дизайн асосида босқичма-босқич ўрнатилишини таъминласин.
6. Географик объектларни номлаш ва қайта номлаш масалалари бўйича туман комиссиясига тумандаги МФЙ раислари (рўйхат бўйича) билан биргаликда географик объектга ном бериш ёки уни қайта номлаш тўғрисидаги таклифларнинг қонун ҳужжатларига мувофиқлиги бўйича вилоят эксперт комиссияси хулосасига кўра, таклиф этилган номлари номувофиқ деб топилган объектлар бўйича бир ойлик муддатда ўрганишлар ўтказиб, шу ҳудудда яшовчи аҳоли фикрини инобатга олган ҳолда қўшимча таклифлар киритиш топширилсин.
7. Мазкур қарор «Уйчинома» газетасида расман эълон қилинсин ва ҳокимликнинг расмий веб-сайтига жойлаштирилсин, ушбу қарор расман эълон қилинган кундан бошлаб кучга киради.
8. Ушбу қарорнинг ижросини назорат қилиш халқ депутатлари туман Кенгашининг ижтимоий-маданий ривожланиш масалалари бўйича доимий комиссияси раиси (Р.Назарова) зиммасига юклатилсин.
Халқ депутатлари туман Кенгаши раиси М.АПАҚОВ.
Уйчи шаҳарчаси, 2020 йил 30 декабрь.

