«ОВЧИБУЛОҚ» КИЧИК САНОАТ ЗОНАСИДА 500 ДАН ОРТИҚ ЯНГИ ИШ ЎРНИ ЯРАТИЛАДИ
Вилоят ҳокими Шавкатжон Абдураззақов «Овчибулоқ» кичик саноат зонасида амалга оширилаётган ишлар билан танишди.
Мазкур саноат зонаси 3,2 гектардан иборат бўлиб, бу ерда умумий қиймати 99,5 млрд. сўмлик 28 та лойиҳа амалга оширилиши ва 500 дан ортиқ янги иш ўрни яратилиши кўзда тутилган. Саноат зонасида, асосан, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, мева сақлаш, қуритиш, қайта ишлаш, музлатгичли омборхона ташкил этиш каби лойиҳалар амалга оширилади. Ҳозирда бу ерда тадбиркорлар томонидан ер текислаш ҳамда бетон қуйиш ишлари олиб борилмоқда.
Вилоят раҳбари улар билан учрашиб, лойиҳаларининг бориши билан қизиқди. Қурилиш иш-ларини жадаллаштириш бўйича тавсияларини берди. Йўлларни кенгайтириш, ҳудудни ободонлаштириш, инфратузилмани яхшилаш бўйича таклифлар билан танишди.
******
«ОВЧИБУЛОҚ» ОБОД МАҲАЛЛАГА АЙЛАНАДИ
«Овчибулоқ» маҳалласида 668 та хонадонда 4510 нафар аҳоли истиқомат қилади. Маҳаллий аҳоли асосан деҳқончилик, ҳунармандчилик, тадбиркорлик ва савдо-сотиқ билан шуғулланади.
-Кичик саноат зонаси жойлашадиган «Овчибулоқ» энг обод маҳаллага айланиши керак, -деди вилоят ҳокими Шавкатжон Абдураззақов ҳудуд билан танишуви чоғида. -Уч ойлик дастур тайёрланиб, маҳалла инфратузилмаси яхшиланиши, ҳудудда жойлашган мактаб, шифохонада зарур шарт-шароитлар яратилиши, мактабгача таълим муассасаси, маҳалла фуқаролар йиғини учун замонавий бино қурилиши, йўл, сув, электр масалаларидаги муаммолар ечилиши, тунги ёритиш чироқлари бўлиши зарур. Кичик саноат зонасида яратиладиган иш ўринларига биринчи навбатда маҳаллий фуқаролар қабул қилиниши, бунинг учун ҳозирдан аниқ буюртмалар шакллантирилиши керак.
Вилоят раҳбари уйма-уй юриб, хонадонларда томорқадан самарали фойдаланиш, қишки мавсумга тайёргарлик билан қизиқди. «Кўркам» кўчасида истиқомат қилувчи Авазхон Жабборов, Алишер Қодиралиев, Обиджон Нуриддиновга томорқадан самарали фойдаланиш бўйича тавсияларини берди. Меҳнат фахрийси Манзура Убайдуллаеванинг хонадонига кўмир етказиб бериладиган бўлди.
Чўртук МФЙда яшовчи Дилором Обидова савдо йўналишидаги фаолиятини кенгайтириш учун кредит олиш масаласида мурожаат қилди. Меҳнат фахрийси Ҳайдаржон Содиқовнинг светафор ўрнатиш, қабрис-тонларни ободонлаштириш, автобус қатновини йўлга қўйиш каби масалалардаги мурожаати бўйича мутасадди раҳбарларга топшириқлар берилди. Маҳалладаги эҳтиёжманд, кам таъминланган оилаларга озиқ-овқат маҳсулотлари топширилди.
******
Вилоят ҳокими Шавкатжон Абдураззақов туманимизда қишлоқ хўжалигида олиб борилаётган ишлар билан танишди.
Қишлоқ хўжалиги туман иқтисодиётида муҳим ўрин тутади. Ўтган йили туманда қишлоқ хўжалиги соҳаси – пиллачилик, ғаллачилик, пахтачиликда катта ютуқларга эришилди. Жорий йилда ҳам юксак марралар кўзланган. Хусусан, 6425 майдонда ғалла парваришланмоқда. 40875 тонна ғалла йиғиштирилиши ва 64 центнердан ҳосил олиниши кўзланган.
Дастлабки танишув дон ва дуккакли экинлар илмий-тадқиқот институти Наманган илмий тажриба станциясидан бошланди. Бу ерда жонлиқ сўйилиб, қишлоқ хўжалиги фахрийлари жорий йил ҳам баракали келишини тилаб, дуо қилишди. Шундан сўнг вилоят ҳокими ва соҳага дахлдор мутасадди ташкилотлар раҳбарлари махсус автобусда бир қатор фермер хўжаликларида бўлиб, ғалла парвариши ва олиб борилаётган ишларни кўздан кечиришди.
«Матлуба фарзандлари Шокирбек ва Собирбек» фермер хўжалигининг умумий ер майдони 66,6 гектар бўлиб, шундан 32 гектарида ғалла парваришланмоқда. Хўжаликда ҳосил чуқурини қазиш, четан билан ўраш, ички ариқларни чопиш, маҳаллий ўғит жамғариш ишлари намунали ташкил этилди. Ҳозирда буғдойга чилла суви очилган.
«Агрокимёҳимоя» ҲАЖ туман филиалининг марказий биолабораториясида қишлоқ хўжалик зараркунандаларига қарши биомаҳсулот ишлаб чиқарилади. Филиалнинг бўш турган биносида иккинчи марказий биолаборатория ташкил этилиб, бу ерда ҳам трихограмма, олтинкўз, габробракон маҳсулотлари тайёрлаш йўлга қўйилди. Вилоят раҳбари бу ерда яратилган шароитлар ва иш жараёнлари билан танишди.
Якунда «Уйчи агросервис» МТП МЧЖда қишлоқ хўжалик техникаларининг мавсумга тайёргарлиги кўздан кечирилди. Ҳозирга қадар 130 та чопиқ трактори, шунча культиватор, 80 та чигит экиш сеялкаси, 380 та тишли барона, 65 та пушта олиш мосламаси марказлашган ҳолда таъмирланди.
Шавкатжон Абдураззақов дала маданияти ва қишлоқ хўжалигида олиб бориладиган долзарб юмушларга тўхталиб, ғалла парваришини кучайтириш, маҳаллий ўғит жамғариш, тутзорларни намунали ҳолатга келтириш бўйича мутасаддиларга топшириқлар берди. Уйчи туман ҳокимлиги ахборот хизмати.

