ЯНГИ МАРРАЛАР САРИ
Шерзод ЭГАМБЕРДИЕВ,
туман Кенгаши депутати.
-Мамлакатимизда мустақиллик йилларида ёшларни маънавий етук ва жисмонан соғлом, ватанпарвар ва фидойи этиб тарбиялаш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилди.
Мазкур соҳадаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш ва янги юксак сифат босқичига кўтариш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ёшларга оид давлат сиёсати самарадорлигини ошириш ва Ўзбе-кистон ёшлар иттифоқи фаолиятини қўллаб-қувватлаш тўғрисида»ги Фармони қабул қилинди.
Фармонга мувофиқ, ёшларга оид давлат сиёсатини изчил ва самарали амалга ошириш, ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тизимини тубдан ислоҳ этиш мақсадида Ўзбекистон «Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракати негизида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ташкил этилди.
Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ташкил топган кун – 30 июнь санаси мамлакатимизда «Ёшлар куни» сифатида нишонланади.
Ўзбекистон ёшлар иттифоқига 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси доирасидаги ислоҳотларда ёшлар фаоллигини ошириш билан боғлиқ бир қатор янги ва муҳим вазифалар қўйилди.
Ёшларнинг илмий ва ижодий фаолияти натижаларини, илм-фан ва адабиётга бўлган қизиқишларини ҳамда ёшлар сиёсатига оид муҳим янгиликларни кенг ёритиш мақсадида Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг нашрларини чоп этишга ихтисослашган «Ёшлар нашриёти уйи» ташкил қилинади. Қизларимизнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, истеъдод ва қобилиятини юзага чиқариш, улар орасида ҳақиқий етакчиларни тарбиялаш ишларини янада кучайтириш мақсадида «Қизларжон» журнали таъсис этилади.
Фармонга кўра, ёшларда китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини оширишга қаратилган «Мен севиб ўқиган китоб», «Энг яхши китобхон» республика танловлари, «Китоб байрами», «Болалар китоблари» анъанавий республика фестиваллари, Ватанга муҳаббат ва унинг тақдирига дахлдорлик ҳиссини қарор топтиришга қаратилган акциялар, ёзувчилар, шоирлар, санъаткорлар, адабиётшунос олимлар билан ижодий учрашувлар, мастер-класслар тизимли ташкил этилиши белгиланди.
Шу билан бирга, 2017-2018 ўқув йилидан бошлаб умумий ўрта таълим муассасаларида «катта етакчи» ва «тўгарак раҳбари» штат бирликларини тугатиш ҳисобига лавозим маоши юқори синф ўқитувчисига тенглаштирилган «ёшлар етакчиси» штат бирлиги жорий этилди.
Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларида «ёшлар етакчиси» вазифаси юклатилган ходимга ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасасининг директор жамғармаси маблағлари ҳисобидан олий маълумотли ўқитувчи базавий тариф ставкасининг 50 фоизи миқдорида ҳар ойлик устама белгиланади.

