ТУМАНИМИЗДА «ИШГА МАРҲАМАТ» МОНОМАРКАЗИ ОЧИЛДИ
Мономарказларнинг ташкил этилишидан асосий мақсад мамлакатимизда меҳнат бозорининг самарали механизмларини жорий қилиш, аҳолининг ишчанлик фаоллигини ошириш, камбағал ва ишсиз фуқароларни замонавий касб-ҳунар ва тадбиркорлик кўникмаларига ўқитиш, шу асосда уларни доимий даромад келтирадиган меҳнат ва тадбиркорлик фаолиятига жалб қилиш орқали бандлигини таъминлаш. Бунда асосий эътибор аҳолини меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касблар, тадбиркорлик асослари ва хорижий тилларга ўқитишга қаратилади.
1-сонли касб-ҳунар мактабида ташкил этилган мономарказда иссиқхона ишчиси, ошпаз қандолатчи, пайвандловчи, аёллар сартароши, тикувчилик, ҳайдовчилик, электромонтёр, хорижий тиллар, шина монтаж, бухгалтерия, компьютер графикаси, автомобилларни таъмирлаш каби йўналиш ва мутахассисликлар бўйича кадрлар тайёрланиши режалаштирилган. Шу мақсадда мономарказ қисқа муддатли ўқув курслари учун ўқув хоналари «Муҳиддин инвест қурилиш» МЧЖ қурувчилари томонидан 301 миллион сўм маблағ эвазига таъмирланди. 76 миллион сўмлик жиҳозлар билан таъминланди.
Мономарказда дастлабки босқичда туман аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази йўлланмаси билан тикувчилик, ошпаз қандолатчи, электромонтёр, компьютер графикаси каби тўртта йўналиш бўйича иш билан банд бўлмаган 110 нафар фуқаро бепул ўқитилади. Улар уч ой давомида стипендия билан ҳам таъминланади. Битирганларидан сўнг сертификат берилади. Жорий йилда ишсиз ва касб-ҳунарини ўзгартириш истагида бўлганлардан 524 нафарини ўқитиш режалаштирилган. «Ишга марҳамат» мономарказининг очилиш маросимида вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Толибжон Юсупов, туман ҳокими Муҳаммадаюбхўжа Апақовлар иштирок этишди.

