МУСТАҲКАМ ҲУҚУҚИЙ ҲИМОЯ
Сўнгги йилларда республикада ишбилармонлик ва инвестиция муҳитини тубдан яхшилаш, ортиқча бюрократик тўсиқларни бартараф этиш, эскирган, замон талабларига мос келмайдиган тартиб-таомилларни такомиллаштириш борасида изчил чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Мазкур йўналишларда олиб борилган ишлар лицензиялаш ва рухсат бериш тизимини либераллаштириш ҳамда институционал ислоҳ қилишнинг янги босқичини бошлаш учун мустаҳкам асос яратди.
Лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомилларини тубдан такомиллаштириш ҳамда бюрократик тўсиқларни бартараф этиш орқали тадбиркорлик субъектлари фаолияти учун янада кенг шарт-шароитларни яратиш мақсадида:
-биринчи босқичда (2020 йил давомида) – фуқаролар соғлиғига ва жамиятга зиён етказмайдиган лицензия ва рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларнинг айрим турларини қисқартириш ва тартибга солишнинг муқобил усулларига ўтказиш, тадбиркорлик субъектларидан ортиқча ҳужжат талаб қилмаслик ва уларнинг вақт ҳамда маблағлари сарфланишини камайтириш учун тартиб-таомилларни соддалаштириш, тегишли ҳужжатларни бериш жараёнларини тўлиқ рақамлаштириш орқали шаффофликни таъминлаш;
-иккинчи босқичда (2020-2021 йиллар давомида) – лицензиялаш ва рухсат бериш соҳасидаги қонун ҳужжатларини тизимлаштириш, давлат хизматлари кўрсатишнинг паспортларини ишлаб чиқиш, айрим турдаги лицензия ва рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатлар беришнинг намунавий маъмурий регламентларини жорий қилган ҳолда норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар сонини тубдан қисқартириш белгиланди.
2021 йил 1 январдан бошлаб:
-лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари босқичма-босқич тўлиқ электрон тарзда «Лицензия» ахборот тизими орқали амалга оширилади, бундан ташқи иқтисодий фаолият субъектларига «Ягона дарча» божхона ахборот тизимидан фойдаланган ҳолда бериладиган рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатлар ҳамда давлат сири ва қонунчиликка мувофиқ фойдаланиш чекланган маълумотларни ўз ичига олган тартиб-таомиллар мустасно;
-лицензия ва рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларни олиш ҳамда ваколатли органни хабардор қилиш ҳақидаги аризалар ва уларга илова қилинган ҳужжатлар электрон шаклда Ягона интерактив давлат хизматлари порталидан фойдаланган ҳолда Интернет тармоғи орқали қабул қилинади;
-барча турдаги лицензия ва рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатлар ҳамда хабарнома қабул қилинганлиги ва реестрга киритилганлик ҳақида хат уларнинг ҳаққонийлигини онлайн текшириш имконини берадиган QR-код (матрик штрихли код) қўйилган ҳолда расмийлаштирилади ва уларни махсус бланкаларда бериш тартиби бекор қилинади, бундан халқаро шартномаларга мувофиқ махсус қоғоз бланкаларида расмийлаштиришни талаб қиладиган ҳужжатлар мустасно.
Баҳромжон ҲАМИДОВ, туман давлат хизматлари маркази давлат рўйхатидан ўтказиш ва рухсат берувчи ҳужжатларни расмийлаштириш хизматларини кўрсатиш бўлими бошлиғи.

