АЁЛЛАР СПОРТ ФЕСТИВАЛИ

29 август куни 1-БЎСМда туманимизда анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган «Аёллар спорт фестивали» бўлиб ўтди. Мустақиллигимизнинг 26 йиллиги олдидан ташкил қилинган ушбу спорт форуми уюшмаган аёллар ўртасида спортни ривожлантириш, оилаларда соғлом турмуш тарзини ташкиллаштириш мақсадларига қаратилди. Унда барча ҳудудлардан 25 ёшдан катта бўлган хотин-қизлар жамоалари иштирок этишди.

Фестивалнинг очилишига бағишланган тантана Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси садолари билан бошланди. Туман ҳокимининг ўринбосари, туман хотин-қизлар қўмитаси раиси Нафисахон Мамасолиева жамоаларга беллашувларда омад тилади.

Спортнинг волейбол, стол тенниси, енгил атлетика, гимнастрада, ДАРТС, сузиш, шахмат турлари бўйича баҳслар шиддатли ва муросасиз бўлди.

-Мен ушбу фестивалнинг мунтазам қатнашчисиман, -дейди ровотлик меҳнат фахрийси, тадбирнинг энг кекса иштирокчиси Мавлудахон опа Қипчоқова. -Бу ердаги эътибор, ҳамжиҳатлик, дўстона муносабатлардан кўнг-лим тоғдек кўтарилиб, руҳим ва жисмим тетиклашди.

-Мен ушбу форумда илк бор иштирок этяпман, -дейди яна бир иштирокчи, ўнҳаётлик Муаззам Дедахонова. -Олам-олам таассуротлар оғушидаман. Янги дўстлар орттирдим. Биз, хотин-қизларга давлатимизнинг ғамхўрлигидан дарак берувчи бундай тадбирлар аҳоли ўртасида якдиллик ва ҳамжиҳатлик ришталарини мустаҳкамлайди.

Кўтаринкиликда ташкил этилган мусобақаларда ғолибларга туман ҳокимлигининг эсдалик совғалари топширилди, фестивалнинг вилоят босқичига йўлланма берилди.

Абдулҳаким НИШОНОВ.