«КИМ ВАТАНГА СОДИҚ БЎЛСА МЕНДИРМАН ЎША»
Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил топганлигининг 29 йиллиги ҳамда «Ватан ҳимоячилари куни» муносабати билан туманимизда ҳам «Ватанпарварлик ойлиги» юксак уюшқоқликда ўтди.
Ўзбекистон мудофаасига кўмаклашувчи «Ватанпарвар» ташкилоти вилоят кенгаши ташаббуси билан «Ватан фидойи фарзандларини унутмайди» шиори остида Қуролли Кучлар фахрийлари ҳамда ўқув муассасалари ўқувчилари иштирокида «Ватанпарварлик автоюришлари» ўтказилди. Норин ва Учқўрғон туманларидан сўнг туманимизда ҳам байрам тадбирлари давом этди.
Туман маданият марказида ташкил этилган тадбирда Ватан тинчлиги йўлида жонини фидо қилган ҳарбий хизматчиларнинг фарзандлари тақдирланди.
Тадбирда Ўзбекистон МК «Ватанпарвар» ташкилоти вилоят кенгаши раиси А.Аълоходжаев, туман ҳокими М.Апақов, Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими раиси З.Мансуров, вилоят мудофаа ишлари бошқармасининг фахрийлар кенгаши аъзолари, Қуролли Кучлар ҳарбий қисмлари хизматчилари, Ёшлар иттифоқи фаоллари, ҳарбий чақирилувчи ёшлар иштирок этдилар. Туман маданият бўлими томонидан бадиий дастур намойиш қилинди.
Шонли сана муносабати билан ташкил этилган туман ўқув спорт техника клуби тизимидаги техник-амалий спорт турлари кўргазмаси, расмлар танлови, давлат хавфсизлик чегара қўшинлари ҳарбий қисми томонидан қурол-аслаҳалар намойиши, бошланғич ҳарбий таълим бўйича тўгараклар аъзоларининг жанговар чиқишлари барчада катта таассуротлар қолдирди.
******
Туманимизда ягона ҳисобланган Гулбоғ МФЙда яшовчи иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Мадамин ота Абдуллаев байрам арафасида юз ёшни қарши олди.
Туман ҳокими Муҳаммадаюбхўжа Апақов, туман мудофаа ишлари бўлими ва жамоатчилик вакиллари отахон хонадонига байрам йўқлови уюштиришди. Мадамин отани қўшалоқ шодиёна – юз ёшлари ва Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 29 йиллиги, 14 январь – «Ватан ҳимоячилари куни» билан самимий қутлаб, қимматбаҳо совғалар топширишди.
пп пп пп
«Ватан ҳимоячилари куни» муносабати билан туман мудофаа ишлари бўлимида фаолият кўрсатаётган ходимлар табрикланди. Соҳада фаоллик кўрсатаётган ходимларга туман ҳокимлигининг эсдалик совғалари тақдим этилди.
******
1-сектор ҳудудидаги 8-мактабда ташкил этилган маънавий-маърифий тадбирда «Veteran» жангчи фахрий ва ногиронлар туман бўлинмаси раиси А.Обидов, туман мудофаа ишлари бўлими бошлиғи В.Мамасиддиқов, мактаб директори М.Жамолиддинова самимий тилаклар билдиришди.
Мактабнинг маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари Н.Абдураҳимова, чақириққача ёшларни тайёрлаш фани ўқитувчиси И.Жамолиддиновлар ҳамкорлигида ўқувчилар томонидан тайёрланган бадиий дастур барчага манзур бўлди.
******
14 январь – «Ватан ҳимоячилари куни» муносабати билан 4-сектор ҳудудидаги Муборак МФЙда истиқомат қилувчи уюшмаган ёшлар вакиллари иштирокида мини футбол бўйича мусобақалар ўтказилди ва байрам куни ғолиблар тақдирланди. Финалда Муборак кўчасининг «Муборак» жамоаси «Қамбарбойвачча» жоме масжидининг «Ҳидоят» жамоаси билан баҳслашиб, 10:9 ҳисобида ғалаба қозонди. 3-ўрин Музаффарият кўчасининг «Ипакчи» жамоасига насиб этди.
Ғолиблар ҳамда фаол ташкилотчиларни туман ҳокимининг ўринбосари А.Абдураҳмонов, «Маҳалла» хайрия жамоат фонди туман бўлинмаси раиси Ғ.Жўраев, туман ДСИ бошлиғи ўринбосари М.Қодиров, туман мудофаа ишлари бўлими бошлиғи В.Мамасиддиқов табриклаб, совғалар тақдим қилишди.
Туман маданият бўлимининг санъаткорлари маданий хизмат кўрсатишди.
******
Туманимиздаги ҳарбий қисмда уюштирилган байрам тантанаси эсда қоларли бўлди. Унда туман ҳокими М.Апақов, туман мудофаа ишлари бўлими, ёшлар вакиллари иштирок этдилар. Туманимиз раҳбари Ватанга садоқат билан хизмат қилаётган ҳарбийлардан бир гуруҳига «Ташаккурнома» ва эсдалик совғаларини топширди. Ҳарбий қисм номидан туманимиз ҳокими М.Апақов ҳамда чегара масалалари бўйича ўринбосар А.Обидовга «Ташаккурнома» тақдим қилинди. Туман маданият маркази хонандалари томонидан тайёрланган концерт дастури барчани рақсларга чорлади. Ҳарбийлар ва меҳмонлар бир пиёла чой устида, байрам дастурхони атрофида дилдан суҳбат қурдилар.
Туманимизда «Ватанпарварлик ойлиги» муносабати билан бўлиб ўтган тадбирларда ўқув-спорт техника клубимиз жамоаси ҳам фаол иштирок этди.
Исмоил МАВЛОНОВ, туман ўқув спорт-техника клуби бошлиғи.

