ЭРТА НИКОҲ ВА УНИНГ САЛБИЙ ОҚИБАТЛАРИ
Аждодларимиз оила қуришда етти ўлчаб, бир кес қабилида иш тутишган.
Эрта никоҳнинг салбий оқибатларини таҳлил қилар эканмиз, аввало, унинг ҳуқуқий оқибатларини ҳам таҳлил этиш зарурдир. Ҳар бир мамлакатда никоҳ ёши шахснинг соғломлиги, жисмоний ва маънавий етуклигини инобатга олиниб, қатъий белгиланади.
Эрта никоҳнинг салбий оқибатлари, аввало, саломатлик билан боғлиқ. Статистик маълумотларга кўра, ҳозирда қизлар ўртасида 50-60 фоиз турли касалликлар аниқланмоқда. Шунингдек, тиббий кўрикдан ўтаётган 16,5 фоиз қизларда жинсий ривожланиш орқада қолаётганлиги аниқланмоқда.
Скрининг маркази тадқиқотчиларининг эрта никоҳ оқибатида ногирон ва ирсий касалликларга чалинган болалар туғилишининг кўпайиб бораётганлиги тўғрисидаги маълумотлари халқаро ҳамжамиятни ташвишга солмоқда. Бутун жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан берилган маълумотларга кўра, ер юзидаги мамлакатларда 18 ёшгача бўлган ҳомиладорлик ва туғруқлар оқибатида ҳар йили миллионлаб гўдаклар ва оналар ўлими қайд этилиб, бу 20-30 ёш оралиғига нисбатан 2 баробар кўпроқни ташкил қилмоқда. Шунингдек, бу ёшда чала туғилган чақалоқларнинг туғилиши 20 фоизга ортиши кузатилган. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан берилган тавсияларга кўра, туғиш учун мувофиқ ёш 20 ёшдан кейинги давр ҳисобланади. Бу вақтда аёл организми соғлом фарзандни дунёга келтириш учун тўлиқ шаклланиб бўлади.
Хулоса ўрнида, жисмонан соғлом, маънавий етук ва ҳар томонлама баркамол авлодни шакллантиришда оиланинг ролини ошириш, ёш қизлар ўртасида эрта никоҳланишнинг олдини олиш, мустаҳкам ва соғлом оилани шакллантиришда судлар, маҳалла, таълим даргоҳлари, хотин-қизлар, ёшлар иттифоқи, ФҲДЁ органлари ва албатта, оммавий ахборот воситаларининг ҳамкорлиги муҳимдир. Бу ҳамкорлик суд амалиётида ажримларнинг камайишига, болаларнинг тирик етим бўлмаслигига асосдир.
Мадомики, оила – ҳаётнинг абадийлигини, авлодлар давомийлигини таъминлайдиган, муқаддас урф-одатларни мужассамлайдиган, шу билан бирга, келажак насллар қандай инсон бўлиб етишишига бевосита таъсир кўрсатадиган тарбия ўчоғи экан, ҳар биримиз оила қўрғонларини асрашни муқаддас бурчимиз, деб билайлик.
Тўхтамурод РАЖАБОВ,
фуқаролик ишлари бўйича Учқўрғон туманлараро судининг раиси,
Санобар ТЎРАБОЕВА, судья.

