МИБ: 2020 ЙИЛДА 61,4 МЛРД. СЎМЛИК 15583 ТА ИЖРО ҲУЖЖАТИНИНГ ИЖРОСИ ТЎЛИҚ ТАМОМЛАНДИ
Маълумки, суд ва бошқа органлар ҳужжатларининг сўзсиз ижросини таъминлаш, ижро ҳужжатлари ҳамда ундирилган маблағларнинг ҳаққоний ҳисобини юритиш, ижро иши юритишда сансалорлик ва суиистеъмолчилик ҳолатларининг олдини олиш Мажбурий ижро бюросининг асосий вазифаларидан биридир. Бюронинг туман бўлими томонидан бу борада тегишли чора-тадбирлар кўриб келинмоқда.
Бўлимимизда давлат ижрочилари ҳужжатлар ижро этиш фаолияти давомида алимент, солиқ, давлат, корхона ва фуқаро фойдасига ундирув, уйга киритиш, уйдан чиқариш, болани олиб бериш, бола билан кўриштириш, ишга тиклаш, иш ҳақларини ундириш ва шу каби 20 дан ортиқ йўналишда ижро ҳужжатлари амалга оширилмоқда.
Бугунги кунда бўлимда фаолият кўрсатиб келаётган ижрочиларнинг иш юритувида жами 14,2 млрд. сўмлик 2703 та ижро ҳужжати мавжуд. Айнан давлат ижрочиларининг ишини тўғри ташкил қилингани ҳамда соҳага замонавий ахборот коммуникация технологиялари жадал кириб боргани натижасида 2020 йилнинг 12 ойида жами 61,4 млрд. сўмлик 15583 та ижро ҳужжатининг ижроси тўлиқ тамомланди.
Давлат фойдасига ундирувлар йўналишида ҳам тегишли чора-тадбирлар амалга оширилиб келинмоқда. Бу борадаги ишларни рақамларда келтирсак. 2020 йилнинг 12 ойида жами 27,7 млрд. сўмлик 14367 та ижро ҳужжати ижроси тамомланди. Бу турдаги ижро ҳужжатлари бўйича 18,8 млрд. сўмлик ёки 78,4 фоизи солиқ ундирувлари ташкил этганлиги сабабли ҳамкорликда турли тадбирлар амалга ошириб келинди.
Бугунги кунда бўлим томонидан алимент ундирувлари билан боғлиқ ишларга ҳам алоҳида аҳамият қаратилмоқда. Бу борада ҳокимлик, маҳалла фуқаролар йиғинлари билан ҳамкорликда иш олиб борилмоқда. Натижада 12 ой давомида 487 та алимент ундириш тўғрисидаги ижро ҳужжжати ижроси юзасидан 875,8 млн. сўм алимент маблағлари ундирилиб, ундирувчиларга етказилди.
Ўтган йилнинг 1 декабридан бошлаб 6 турдаги ижро ҳужжати бўйича давлат фойдасига ундириладиган маблағлар «Темир дафтар», «Аёллар дафтари» ва «Ёшлар дафтари»га киритилган фуқароларни қўллаб-қувватлаш учун пропорционал тартибда йўналтирилиши белгиланган. Биргина ўтган йилнинг декабрь ойида 5,3 млн. сўм маблағ ундирилиб, алоҳида ғазначилик ҳисоб-рақами билан пропорционал тартибда тенг равишда дафтарларга киритилган фуқароларни қўллашга йўналтирилди.
Нозимжон ИДРИСОВ, МИБ туман бўлими бошлиғи.

