ОТАНГ РОЗИ БЎЛМАГАН ИШ
Баҳор, ёзинг эгаллар қиш,
Оcтонангда қўнар ташвиш,
Боринг йўққа дучор айлар
Отанг рози бўлмаган иш.
Бир манзилинг минг довонли,
Ҳар довон хатар томонли,
Баракоти ҳам гумонли
Отанг рози бўлмаган иш.
Қадамингда пойлар кулфат,
Кўмак беролмас дўст, улфат,
Бошга ғам ёғдирар фақат
Отанг рози бўлмаган иш.
Боғларингда гиёҳ унмас,
Ҳолингга ҳеч ким ачинмас,
Ғавғо келтиришдан тинмас
Отанг рози бўлмаган иш.
Босар устингдан маломат,
Топмайсан ҳузур-ҳаловат,
Чалар оёғингдан албат
Отанг рози бўлмаган иш.
Билиб қўй, эй нодон, гумроҳ,
Бекор сўнг чекканинг оҳ-воҳ,
Бўлолмас ҳеч йўлдош, ҳамроҳ
Отанг рози бўлмаган иш.
Йўл қўймай десанг хатога,
Қўл очсин отанг дуога,
Кеч, тенг келса ҳам тиллога
Отанг рози бўлмаган иш.
Абдулҳаким НИШОНОВ.

