КИТОБНИ СЕВМОҚ
Китоб энг олис ва зимистон умр йўлларида инсонга нур бағишлаб турувчи сеҳрли чироқдир. Энг яхши китобларни ўқиш эса дунёнинг энг доно кишиларининг суҳбатида бўлиш демакдир.
Лекин атрофни кузата туриб, айрим ҳолатларга ҳайрон қоласан киши. Нега автобусда, йўлда одамларнинг қўлида китоб эмас, телефон ва ундаги рақибларини аёвсиз дўппослаётган «супермен»? Нега киночилар уйида янги фильмлар намойиши бўлса, албатта, уни кўришга ошиқувчи ёшлар ойда бир бора китоб дўконига қадам қўймайди? Хўш, бунга ким айбдор? Айни илм оладиган, тафаккур қиладиган пайтида ижтимоий тармоқларда ва турли бузғунчи ғояларни ифода этувчи мобиль ўйинлар билан вақтини бесамар ўтказаётган ёшларми? Ёки уларга беэътибор бўлаётган ота-оналарми?
Мақсадимиз айни айбдор кимлигини аниқлаш эмас, балки замон тўлқинларида сузувчи ва ўзининг қимматбаҳо юкини авлодлардан-авлодларга авайлаб элтувчи тафаккур кемалари бўлмиш китобларга бўлган меҳр-муҳаббатни уйғотиш. Китобларга бўлган эътиборни кучайтириш. Китобхонликни оилаларимизда, тенгдошларимиз даврасида тарғиб қилиш дунёга илм-фан чироғини ёққан буюк боболаримизнинг биздай давомчилари учун ҳам фарз, ҳам қарздир.
Зеро, буюк бобокалонимиз соҳибқирон Амир Темур айтганларидек: «Китоб барча бунёдкорлик, яратувчанлик ва ақл-идрокнинг илму донишнинг асосидир, ҳаётни ўргатувчи мураббийдир!»
Жасурбек АБДУРАҲМОНОВ.

