ДИҚҚАТ, ЭЪЛОН!

Ҳурматли фуқаролар ва тадбиркорлар!

Кўчмас мулкка ва ер участкасига бўлган ҳуқуқларингизни давлат рўйхатидан ўтказинг ва эгалик қилинг!

Ер умуммиллий бойликдир, Ўзбекистон Республикаси халқи ҳаёти, фаолияти ва фаровонлигининг асоси сифатида ундан оқилона фойдаланиш зарур ва у давлат томонидан муҳофаза қилинади. Шуни унутмайликки, ер участкасига бўлган ҳуқуқни ўз вақтида рўйхатдан ўтказиш мамлакатимизда давлат ер кадастри юритиш, иқтисодиётни ривожлантириш, энг аввало, ер участкаларига бўлган ҳуқуқларнинг кафолатларини таъминлаш, шунингдек, ҳозирги ва келажак авлодларнинг манфаатларини кўзлаб ердан илмий асосланган тарзда, оқилона фойдаланиш ва уни муҳофаза қилишдан иборат.

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Ер кодексининг 31-моддасига мувофиқ юридик ва жисмоний шахсларнинг ер участкасига бўлган ҳуқуқи жойнинг ўзида чегаралар белгиланганидан, ер участкаларининг планлари, чизмалари ва тавсифлари тузилиб, ер участкаларига бўлган ҳуқуқ давлат рўйхатига олинганидан кейин Сизнинг тасарруфингизга тўла ўтади. «Давлат ер кадастри тўғрисида»ги Қонуннинг 13-моддасига мувофиқ ер участкаларига эгалик қилувчи, улардан фойдаланувчи, уларни ижарага олган, шунингдек, мулк қилиб олган юридик ва жисмоний шахслар ер участкаларига бўлган ўз ҳуқуқини белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказиши шарт.

Ер кодексининг 40-моддасига мувофиқ ер эгаси, ердан фойдаланувчи, ижарачи ва ер участкаси мулкдорининг маҳаллий давлат ҳокимияти органларига ердан фойдаланиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларида белгиланган маълумотларни ўз вақтида тақдим этишга мажбур.

Қанча муддатда ер участкасига бўлган ҳуқуқни рўйхатдан ўтказиш учун мурожаат қилиш керак?

Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 29 декабрдаги 1060-сонли қарори билан тасдиқланган Низом 11-бандига кўра, юридик ва жисмоний шахслар ёки уларнинг ваколатли вакиллари кўчмас мулк объектига бўлган мулк ҳуқуқи ёки бошқа ашёвий ҳуқуқлар вужудга келганда, бошқа шахсга ўтганда, чекланганда ёки бекор бўлганда ёхуд кўчмас мулк объектининг ҳуқуқий ҳолати ўзгарган кундан бошлаб бир ой муддатда кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш учун кўчмас мулк объектига бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказувчи органга мурожаат қилишлари шарт.

Ер участкасига бўлган ҳуқуқни рўйхатдан ўтказиш учун ўз вақтида мурожаат этилмаганда ер эгалари, ердан фойдаланувчилар, ер участкалари ижарачилари ва мулкдорлари ҳуқуқларининг бузилишига, шунингдек, бошқа ер эгалари, ердан фойдаланувчилар, ер участкалари ижарачилари ва мулкдорлари ўртасида ер хусусидаги низо келиб чиқишига, ер участкасига бўлган ҳуқуқ бекор қилинишига сабаб бўлади.

Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 68/1-моддасига асосан кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказишни амалга оширувчи органга ер участкасига бўлган ҳуқуқни рўйхатдан ўтказиш учун ўз вақтида мурожаат этмаслик, фуқароларга 245000 сўмдан 735000 сўмгача, мансабдор шахсларга эса 735000 сўмдан 1225000 сўмгача миқдорда жарима солинади. Қўшимча маълумот олиш учун кадастр агентлиги Наманган вилоят бошқармасининг қуйидаги ишонч телефон рақамларига (69) 233-27-64, (69) 233-08-36 ёки KadastragentligiNamanganvilboshqarmasi телеграм ижтимоий тармоғи орқали мурожаат этиш мумкин.