ҚИРҚ ЙИЛДАН СЎНГ
29-мактабни бундан қирқ йил аввал битирган собиқ синфдошлар қадрдон илм масканларида дийдор кўришишди. 1977 йили мактабнинг иккита 10-синфини эллик олти нафар ўқувчи битирган эди. Бугун ана шу битирувчилардан Ҳасанбой Абдуллаев, Жамолхон Умаров, Ғанишер Тўраев, Азиза Хўжамбердиева, Ойшахон Турғуновалар орамизда йўқ.
Дийдорлашув давомида мактаб остонасига илк қадам қўйишганида ёзишни, ўқишни, дастлабки таълим-тарбияни берган устозлар Абдуғаффор Ҳотамов, синф раҳбарлари Ҳошимбой Ҳайитов, Қувватали Пўлатов, Муҳиддин Азимовларнинг номлари эҳтиром билан тилга олинди.
Ҳаёт синовларидан муваффақиятли ўтиб, бугунги кунда ҳам шижоат билан фаолият кўрсатаётган акушер-гинеколог Малика Каримова, пиллачи Абдурашид Сўпиев, вилоят мусиқали драма театри хонандаси Ҳамиджон Маллабоев, юбилей ташкилотчиси Абдуғани Абдуллаев ва бошқалар сўзга чиқиб, самимий тилаклар билдиришди.
Таниқли хонандалар Жалолиддин Усмонов, Шавкатжон Ҳамдамов, Комилжон Неъматов, «Ниҳол» мукофоти совриндори Бекзод Баҳромов, ёш хонанда Исроил Дадабоев ва яна бир гуруҳ санъаткорлар ижросидаги куй-қўшиқлар тадбирга файз киритиш билан бирга, барчани рақсга чорлади.

