СОҲИБҚИРОН

Мустақиллик берган имкониятлар туфайли ўзбек адабиётида Амир Темур образини яратишга алоҳида эътибор билан қаралмоқда. Хусусан, бу борада ҳикоя жанрида ёзилган асарлар ҳам бунга ёрқин далилдир. Мисол учун атоқли адиб Асқад Мухторнинг «Инсонга қуллуқ қиладурмен» ҳикоясининг композицияси жаҳонгир Амир Темур ва оддий нағмасоз Айри Қўбуз ўртасидаги мубоҳасага асосланади. Албатта, бу кичкинагина асарда Амир Темур характерининг барча қирралари ёрқин ва тиниқ очилиши қийин. Аммо ёзувчи Амир Темур характерини катта маҳорат билан яратади.

Ёзувчи талқинидаги Амир Темур сиймоси тарихий ҳақиқатга ниҳоятда яқин. Ижодкор Амир Темур ҳаётининг ҳар бир лаҳзасини китобхон кўз ўнгида намоён этиш учун шундай рамзий белгилар топа олган. Шу ўринда ўзбек халқ ижодкорлари томонидан А.Темур образининг  моҳирона яратилгани ҳақида гапириб ўтсак. Мисол учун Ўзбекистон Бадиий академияси академиги, санъат арбоби, профессор Илҳом Жабборов томонидан ҳазрат Соҳибқироннинг Тошкентда от устида, Самарқандда тахтда ҳамда Шаҳрисабзда куч-ғайрат ва юксак орзуларга тўла йигитлик даври акс этган  ҳайкаллари яратилган. Барча ўқув юртлари, идоралар, муассасалар ва музейларда доим кўрк бўлиб турадиган Соҳибқирон портрети эса машҳур мусаввир Малик Набиев қаламига мансубдир. Унда самимият ва меҳр тўла нигоҳ, ақл-заковат ва донолик уфуриб турган миллатимизга хос қиёфа акс этиб туриши эътирофга лойиқ.

Жалолхон ҲАМРАЕВ,  Республика Маънавият ва маърифат маркази Чортоқ туман бўлинмаси раҳбари.