ИНСОН – ЯНГИ РЕНЕССАНС ИЖОДКОРИДИР
Мустақилликдан кейин биз шахсга нисбатан «комил инсон», ёш авлодга нисбатан «баркамол авлод» атамаларини қўллай бошладик. Гап атамада эмас. Қандай сифатни қўлламайлик, келажак инсонини тарбиялашда биз, аввало, жамият тараққиёти тенденцияларини ва айни пайтда миллий маънавиятимиз хусусиятларини ҳисобга олмоғимиз лозим. Бинобарин, сунъий интеллект ва юксак технологияларга таянадиган «тўртинчи саноат инқилоби» инсонга қўядиган талабларини олдиндан моделлаштиришимиз ва таълим-тарбия тизимини уларга мослаштиришимиз керак.
Худди шундай миллийлигимизни сақлаб қолиш учун она тилимизни, тарихимизни, адабиётимиз ва санъатимизни етарлича ўргатишнинг оптимал йўлларини топмоғимиз лозим. Урф-одатларимиз ҳам такомиллаштирилиши ва замонавийлаштирилиши жуда зарур. Ижтимоий онгда, одамларнинг хатти-ҳаракатларида бурилиш юз бериши, янги ғоялар қарор топмоғи даркор.
Учинчи Ренессанс ғоясини ўқитиш ва кенг жамоатчилик онгига етказишда ниҳоятда эҳтиёткор бўлиш, меъёрдан ошириб юбормаслик талаб этилади. Мафкуравий ишларда совет давридан қолган бир иллат бор: ҳар қандай ғоя тарғиботини кампаниябозликка айлантирамиз.
Билганни ҳам, билмаганни ҳам эрта-ю кеч тинимсиз гапиртирамиз, одамларнинг меъдасига тегиб қолганини сезмаймиз. Ғоянинг мазмунини аста-секин жўнлаштирамиз, баъзи жиҳатларини эса беихтиёр сохталаштириб қўямиз.
Учинчи Ренессанс ғоясининг оралиқ босқич вазифалари аниқланиши керак. Масалан, 2030 йилда, 2040 – 2050 йилларда биз аҳоли жон бошига тахминан қанча ялпи ички маҳсулот ишлаб чиқарамиз, жаҳон рейтингида тахминан қандай ўринларга кўтариламиз. Таълим, маданият, илм-фан соҳаларида қандай кўрсаткичларни, марраларни забт этамиз. Улар бўйича мўлжаллар белгиланиши лозим. Шунда мазкур ғоянинг сафарбарлик таъсири аниқ ва кучли бўлади. Аммо мўлжаллар ҳавойи бўлмаслиги, конкрет рақамлардан ташкил топмаслиги керак. Янги АКТ, нанотехнологиялар, биотехнологиялар, сунъий интеллект яратиш ва шу каби йўналишлардаги вазифалар ҳам эътибордан четда қолмаслиги зарур.
Нурхон МАТКАРИМОВА, Республика Маънавият ва маърифат маркази Наманган вилоят бўлими мутахассиси.

