МАҲМУД ҚОШҒАРИЙ

Маҳмуд Қошғарий Баласоғунда туғилиб, шу ерда йигитлик чоғларини кечирган бўлса ҳам узоқ йиллар Қошғардан бошлаб бутун Мовароуннаҳр, Хоразм, Фарғона, Бухоро, ҳозирги Шимолий Афғонистонга қадар чўзилган туркий ўлкаларни, туркманлар, ўғузлар, чигиллар, яғмолар, қирғизларнинг шаҳарларини, қишлоқ ва яйловларини кезиб чиқди, турли шева ва лаҳжа хусусиятларини ўрганди, уларни адабий тил билан чоғиштирди, ўз иши учун ниҳоятда бой материал тўплади. Луғат тузишда араб тилшунослари яратган анъанадан унумли фойдаланган ҳолда, ишга ижодий ёндашди, туркий тил қонуниятларини биринчи навбатда инобатга олиб китобига тартиб берди.

Қошғарий асари, ўзи таъкидлашича, «… олдин ҳеч ким тузмаган ва ҳеч кимга маълум бўлмаган алоҳида бир тартибда» тузилган. Унда кўп шевашуносликка оид қиёсий қоидалар, грамматик, морфологик, лексик, семантик аломатлар кўрсатилган. Асар фойдаланувчиларга осонлик туғдириш учун содда ёзилган.

Туркий халқлар тарихига оид қадимий афсона ва ривоятлар, 300 га яқин мақол ва маталлар, ҳикматли сўзлар, 700 сатрдан ошиқ шеърий парчалар ушбу «Девону луғатит турк» асари саҳифаларидан ўрин олган. Шеърий парчаларнинг кўп қисми туркий халқлар оғзаки ижодига хос тўртликлардан иборат. Аммо «Девон»да келтирилган шеърий сатрлардан 150 сатрга яқини ислом даври шеъриятига хос бўлган «байт» типидаги маснавий, қасида, ғазал, қитъа парчалари бўлиб, уларни Қошғарий ўзи ҳам кўпинча «байт» деб атайди.

Одина ХАЛИЛОВА, Республика Маънавият ва маърифат маркази Наманган туман бўлинмаси раҳбари.