СЕКТОР РАҲБАРЛАРИ ТАНИШУВНИ ЧЕККА ҲУДУДДАГИ МАҲАЛЛАДАН БОШЛАШДИ
Туман ҳокими Муҳаммадзокир Маматхонов ҳамда туман ИИБ бошлиғи Фурқат Мирзаев туманнинг энг чекка ва Қирғизистон Республикаси билан чегарадош ҳудудида жойлашган Янгиҳаёт МФЙда фуқаролар билан учрашишди ҳамда ижтимоий соҳа объектларининг бугунги кундаги ҳолати билан танишишди.
Янгиҳаёт МФЙда 2781 киши истиқомат қилади. Ҳудуддаги асосий муаммолардан бири 120 та хонадонга тоза ичимлик суви етиб бормаган. Аҳоли асосан деҳқончилик билан шуғулланади, ишлаб чиқариш корхоналари, тадбиркорлар фаолият юритмайди. 61 нафар четга чиқиб ишлаш истагидаги ёш бор. Бу каби ёшлар ҳамда аҳоли бандлигини таъминлаш мақсадида иссиқхоналар ташкил қилиш, тадбиркорларни жалб этиш бўйича мутасадди раҳбарларга тегишли топшириқлар берилди.
Битта бинода ҳам мактаб, ҳам мактабгача таълими ташкилоти жойлашган. 42-мактабда 156 нафар ўқувчи ўқийди. Ўқув хоналари қоронғу, таъмирталаб, етарли ёруғлик билан таъминланмаган. Кутубхонада бадиий адабиётлар етишмайди. Шу куни мактаб учун алоҳида бино қуриш, шароитларни яхшилаш бўйича режалар белгиланди.
30-мактабгача таълим ташкилотининг машғулот хоналари билан ҳам танишилди. Бу ерда болаларни тарбиялаш учун шароитлар етарли эмас. Филиал бўлганлиги учун озиқ-овқат маҳсулотларини етказиб келишда муаммолар бор. -Муаммолар дарров ечилмайди, лекин имкон қадар тезлатамиз. Болалар учун шароит яратиб бериш бизнинг биринчи галдаги вазифамиз, -деди туманимиз ҳокими.

