ТАДБИРКОРЛАР ҲУҚУҚИ ҲИМОЯДА
Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг туманимиздаги тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхонасига 2020 йил давомида жами 18 та йўналишда 690 та мурожаат юзасидан 713 та масала келиб тушди. Шундан 352 таси ёки 49,4 фоизи ваколатли органлар томонидан ижобий ҳал қилинди. 353 таси ёки 49,5 фоизи ҳал қилиш имконияти бўла туриб масъул ташкилотлар томонидан юзаки ўрганилиши натижасида тушунтириш бериш билан чекланиб қолинган. 8 таси ёки 1,1 фоизи рад этилган.
2020 йил давомида сайёр қабуллар, «Ишонч телефони», вертуал қабулхона, Бош вазир қабулхонаси орқали жами 690 та мурожаат kb.»buziness.gov.uz» ягона интерактив порталига киритилди ва тегишли ваколатли органларга қонунда белгиланган тартибда кўриб чиқиш учун юборилди.
Тизимга киритилган жами 713 масаланинг барчаси кўриб чиқилган бўлиб, шундан 352 таси ёки 50 фоизи қаноатлантирилган. Жами киритилган 713 та масаланинг 390 таси тижорат банкларидан имтиёзли кредит олиш, 179 таси ер майдонлари ажратиб бериш, 14 таси солиқ, 18 таси инфратузилма, 112 таси эса бошқа тоифадаги масалаларни ташкил этган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 14 майдаги «Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва ҳимоя қилиш тизи-мини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-5718-сонли Фармонига кўра мурожаатларни жойида ҳал қилиш имконияти бўлмаганда ваколатли органлар-нинг биринчи раҳбарлари 7 кун мобайнида қабулхона топшириғини кўриб чиқиши ҳамда натижалари тўғрисида қабулхонага ёзма равишда ахборот бериши белгиланган. Афсуски, тумандаги айрим масъул ташкилотлар томонидан Фармон талабларини қўпол равишда бузган ҳолда мурожаатларни кўриб чиқиш муддатларига риоя қилмасдан 2020 йилда жами 713 та мурожаатдан 231 таси ёки 32,4 фоизини кечиктиришга йўл қўйилган.
АТБ «Агробанк» Уйчи филиалида 71 та, «Халқ банки» Уйчи филиалида 64 та, туман ер ресурслари ва кадастр бўлимида 43 та, туман архитектура ва қурилиш бўлимида 21 та, туман ДСИда 7 та, мажбурий ижро бюроси туман бўлимида 2 та, туман ИИБда 2 та, туман прокуратурасида 3 та, туман ҳокимлигида 14 та, туман ер ресурслари ва давлат кадастри бўлимида 43 та мурожаатни кўриб чиқиш муддати кечиктирилган.
Қабулхонамиз томонидан масъул идора ва ташкилотларга Фармон талабларига риоя қилмаганликлари учун 11 та тақдимнома киритилиб, 24 нафар масъул ходимга нисбатан таъсирчан чоралар кўрилган.
Ҳурматли ҳамюртлар, азиз тадбиркорлар! Сизнинг фаолият юритишингизда муаммолар юзага келса, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг Уйчи туманидаги тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхонасига ёзма, оғзаки ёки телефон орқали мурожаат қилишингиз мумкинлигини билдирамиз. Алоқа учун телефон рақамимиз 69-48-21-529, 69-48-20-129 ёки «Ишонч телефони» рақами 1100. Унутманг, биз доим сизнинг ҳуқуқларингизни ҳимоя қиламиз.
Толибжон МИРЗАБОЕВ, тумандаги Бош вазир қабулхонаси мудири.

