КЕЛАЖАК БУНЁДКОРЛАРИ

Ўтган давр мобайнида мамлакатимиз ёшларини маънавий етук ва жисмонан соғлом, ватанпарвар ва фидойи этиб тарбиялаш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Шунга қарамасдан, ёшлар ҳаётидаги энг долзарб масалалар, айниқса, уюшмаган ёшларнинг ҳаётда ўз ўрнини топиши учун шароит ва имконият яратиш, уларни касбга йўналтириш ва бандлигини таъминлаш, ташаббусларини рағбатлантириш бўйича олиб борилган ишлар талаб даражасида эмаслигини ҳаётнинг ўзи тасдиқламоқдаки, буни инкор қилолмаймиз.

Соҳадаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш ва янги юксак сифат босқичига кўтариш мақсадида Республикамиз Президентининг 2017 йил 5 июлда “Ёшларга оид давлат сиёсати самарадорлигини ошириш ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаолиятини қўллаб-қувватлаш тўғрисида”ги Фармони қабул қилинди. Мазкур муҳим ҳужжатга мувофиқ, ёшларнинг барча қатламларини қамраб оладиган, уларни буюк мақсадлар йўлида бирлаштиришга қодир бўлган Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ташкил этилди. Янги ташкилот олдига ўндан ортиқ бир-биридан муҳим вазифалар қўйилдики, эндиликда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотларда фаол қатнашадиган, билимли, ташаббускор, ишбилармон, ҳалол ва фидойи ёш раҳбар кадрларни тарбиялайди ҳамда уларни давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг масъул лавозимларига тавсия қилади. Давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларига ёшларга оид фаолиятни ташкил этишда ғоявий-услубий жиҳатдан кўмаклашади. Ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишда иштирок этувчи ваколатли идоралар фаолияти устидан жамоатчилик назоратини олиб боради. Шунингдек, яна бир қатор долзарб масалаларни ҳал этиш ташкилот фаолиятининг устувор йўналишлари ҳисобланади.

Ўз навбатида, Фармон қизларнинг, айниқса, ёшларнинг маънавий-ахлоҳий тарбияси, ёш оилаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида юзага келган муаммоларнинг ечимини топишда дастуриламал бўлиб хизмат қилмоқда. Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитасининг шу йил 29 июлдаги 03/148-10-сонли хатига асосан якунланаётган ҳафтада Наманган шаҳрида ўтказилган «Ёш оилалар ва қизлар» I Республика форумининг вилоят босқичи тадбирлари айни йўналишдаги ишларни жонлантириб юборди.

Мухбиримиз Расулбек УММАТОВ қуйида давра суҳбати иштирокчиларини мусоҳабага чорлаб, уларнинг ёшларга, ёшларга оид давлат сиёсатига бўлган муносабатлари, бу борадаги келгуси режалари билан қизиқди.

ЎЗАРО МУЛОҚОТ – ҲАЁТИЙ ЗАРУРАТ

Абдуғани ТУРДИЕВ,

туман ҳокими,

туман Кенгаши депутати:

-Муҳтарам Президентимиз ғояси билан мамлакатимиз ёшларининг чинакам суянчи ва таянчи бўла оладиган, уларни демократик принциплар асосида бирлаштирадиган мутлақо янги ташкилот – Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг ташкил этилгани эл-юртимиз ҳаётида тарихий воқеадир. Ўзбекистон «Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракатининг IV қурултойида Юртбошимиз ёшлар қалбига йўл топиш, улар билан доимий мулоқот қилиш давлат сиёсатининг энг муҳим йўналиши эканини яна бир бор эслатиб: «Барча катта-кичик раҳбарлар қулоғига қўрғошиндек қуйиб олсин: биз энди сизларнинг фаолиятингизга пахта ёки ғаллага қараб эмас, энг аввало, сизларнинг ёшларга, ёшларга оид давлат сиёсатига бўлган муносабатингизга қараб баҳо берамиз», деб таъкидладилар. Қурултойда ёшлар етакчиларига ёрдам бериш ўрнига уларга қўпол муносабатда бўлган айрим раҳбарларнинг ишдан олингани барчамизга мактаб бўлиши лозим.

Эндиликда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ёшларга оид давлат сиёсатининг амалга оширилишида давлат органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан самарали ҳамкорликни таъминловчи, «Ёшлар – келажак бунёдкори» шиори остида профессионал фаолиятни амалга оширувчи тузилмага айланади. Ташкилотнинг туман кенгаши раиси туман ҳокимининг ёшлар сиёсати бўйича маслаҳатчиси мақомида иш олиб боради. Айни пайтда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси, вилоятлар, Тошкент шаҳри, туманлар ва шаҳарлар ҳокимлари раислигида ёшлар масалалари бўйича ҳудудий идоралараро кенгашлар фаолият юритади.

Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари раҳбарлари ҳар ойда камида бир марта ёшлар билан очиқ мулоқотларни ўтказиб бориш амалиёти жорий этилди. Туманимизда ўтказиб келинаётган «Ҳоким ва ёшлар» учрашуви яхши самара бермоқда. Умуман олганда, ёшлар қалбига йўл топиш, улар билан доимий мулоқот қилиш туманимиздаги ҳар бир раҳбар фаолиятининг асосини ташкил этиши зарур. Биргина мисол: жорий йилда 2883 нафар туманимиз ёшлари 9-синфни битирди. Улар янги ўқув йилида ота-оналари ва ўзларининг хоҳишларига кўра, онгли равишда касб-ҳунар коллежи, академик лицей ёки ўзлари таълим олган мактабларда мажбурий таълимни давом эттирадилар. Бугун узлуксиз таълим тизимида кечаётган ана шу ҳал қилувчи жараёнларни аҳолига ким етказади? Бу борадаги тарғибот ишларининг бошида сиз – туманимизнинг мутасадди раҳбарлари туришингиз керак эмасми?

Туманимиз ёшлари эришаётган ижобий натижалар бизни қувонтиради, албатта. Бироқ, соҳа ютуқлари билан бир қаторда ўз ечимини кутаётган муаммолар ҳам мавжуд. Жумладан, пул топиш мақсадида чет давлатларга чиқиб кетган ёшларни ўз оиласи, ота-онаси бағрига қайтариш бўйича олиб борилаётган ишлардан кўнгил тўлмайди. Ҳанузгача уюшмаган ёшларнинг аниқ статистик маълумотлар базаси яратилмаган, улар билан ишлашни ташкил этиш юзасидан самарали тизим йўлга қўйилмаган… Тўғри, туманимиз аҳолисининг (200300 киши) 11864 нафарини 10-14 ёшдаги болалар, 46934 нафарини 14-30 ёшгача бўлган ёшлар ташкил этиши факт. Лекин, олдимизда турган ёшлар масаласи билан боғлиқ вазифаларни бажаришимиз учун бу статистик маълумотнинг ўзи етарли эмас.

Шуларни инобатга олиб, янги ўқув йили бошлангунига қадар туманимиздаги уюшмаган ёшларнинг аниқ статистик маълумотлар базасини яратиш, уни шакллантиришда тегишли давлат органлари ва муассасаларнинг тизимли ҳамкорлигини йўлга қўйиш ҳамда ёшларнинг, айниқса, уюшмаган ёшларнинг бандлигини таъминлаш бўйича комплекс чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқиб, унинг амалга оширилишини ташкил этишни мақсад қилганмиз. Шунингдек, таълим муассасалари ва меҳнат жамоаларида Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг бошланғич ташкилотларини ташкил қилиш, уларга алоҳида хоналар ажратиш ҳамда моддий-техник базасини мустаҳкамлаш борасидаги ишларнинг ҳолати ҳам диққат-этиборимизда бўлади.

 

ПРОФИЛАКТИКА – САМАРАЛИ ЙЎЛ

Муродилла ЮНУСОВ,

туман ИИБ бошлиғининг ёшлар масалалари бўйича ўринбосари:

– Давлатимиз раҳбари қурултойда ёшларни иш билан таъминлаш учун, аввало, улар ўртасида тадбиркорликни кенг ривожлантириш кераклигини, бу борада янги имкониятлар яратиш мақсадида қатор чора-тадбирлар кўзда тутилаётганини таъкидладилар. Хусусан, ҳар бир туман (шаҳар) марказида ёшлар тадбиркорлик кластерлари ташкил этилади. Улар фаолиятини йўлга қўйиш учун электр энергияси, табиий газ, сув ва транспорт коммуникацияси, алоқа воситалари ва интернетга уланиш имконияти мавжуд бўлган ҳудудларда фойдаланилмай ётган давлат объектлари ёш тадбиркорларга «ноль» қиймати билан ижарага берилади. Ана шу тарзда ёшлар ўртасида тадбиркорликни кенг ривожлантирилиши натижасида кўплаб йигит-қизларнинг бандлиги таъминланади.

Негаки, ёшлар томонидан содир этилаётган аксарият ҳуқуқбузарлик ва жиноятлар назоратсизлик ва ишсизликдан келиб чиқади. Масалан, туманимизда вояга етмаганлар томонидан содир этилган ҳуқуқбузарликлар ўтган йилнинг мос даврига нисбатан ортган. Жорий йилнинг ўтган олти ойи мобайнида ҳамкорликда ўтказилган тадбирлар натижа-сида 655 нафардан зиёд вояга етмаган ўқувчи ўқиш жойларига қайтарилди. Вояга етмаганлар жинояти (3-2) 33,33 фоизга камайишига эришилди.

Лекин жиноятнинг биттаси ҳам кўп. Бундай ҳолатларнинг олдини олиш учун туманда жиноятчилик, ҳуқуқбузарлик содир қилинган, диний экстремистик оқимларга мойил бўлган, шунингдек, нотинч оилалардаги ёшлар рўйхатини шакллантириш, якка тартибда ишлаш ҳамда уларга психологик ёрдам кўрсатишни маҳаллалар кесимида тизимли йўлга қўйи-шимиз зарур. Бундан ташқари, таълим муассасаларида ўқувчиларнинг давоматини мунтазам равишда ўрганиб бориш, машғулотларга қатнашмаётган ўқувчилар ҳамда уларнинг ота-оналари ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар билан яқиндан мулоқотлар ўрнатиш мақсадида жойларда «Давомат» тадбирларини ташкил этиш, шунингдек, вояга етмаган ва ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасида маҳаллаларда кенг жамоатчилик ҳамда ота-оналар иштирокида профилактик тадбирларни янада жадаллаштириш, уларни оммавий ахборот воситалари орқали кенг ёритилишини таъминлаш ҳам соҳа ходимлари олдида турган долзарб ва бажарилиши шарт бўлган вазифалардан саналади. Президентимиз таъбири билан айтганда, «Биронта ўқувчи ёки талаба узрсиз ўқишга келмай қўйса, таълим маскани ҳам, оила ҳам, маҳалла, ҳокимият идоралари ҳам бу тўғрида бонг уриши, сергак тортиши, буни фавқулодда бир ҳол деб баҳолаши керак».

МАҚСАДИМИЗ  –  ЯНГИ МАРРАЛАРГА ЭРИШИШ

Анваржон АТАҚЎЗИЕВ,

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи туман кенгаши раиси:

-Юртбошимиз ёшларнинг дадил қадамларини, эзгу ташаббус ва интилишларини доимо қўллаб-қувватлашга тайёр эканликлари «Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракатининг IV қурултойида яна бир бор намоён бўлди. Форум жараёнида Тошкент шаҳридаги Турин политехника университети магистранти Олим Тўйчиев Ўзбекистон Республикаси Фан ва технологиялар агентлиги бош директорининг ўринбосари, «Result» ўқув маркази раҳбари Алишер Саъдуллаев халқ таълими вазири ўринбосари этиб тайинланди.

«Камолот» жамоат ташкилоти сифатида тузилган бўлса-да, лекин ундан катта бир вазирлик вазифаси талаб қилинди, унга жуда кенг ва улкан вазифалар топширилиши билан бирга, буларни бажариш учун зарур ҳуқуқий ва амалий ваколатлар, тегишли имконият ва имтиёзлар яратиб берилмади.

Президентимизнинг Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ташкил этилган кун – 30 июнь санасини мамлакатимизда “Ёшлар куни” деб эълон қилиш, йигитлар учун «Мард ўғлонлар» Давлат мукофотини таъсис этиш, курсантлар мактабларига «Темурбеклар мактаби» деб ном бериш, ёшлар иттифоқининг фаол аъзоси бўлган талабаларга таълим бўйича шартнома тўлови миқдорининг 35-40 фоизини ташкилот ҳисобидан тўлаш, тизимда 3-5 йил ва ундан кўпроқ фаол ишлаб келаётган ходимларни уй-жой билан таъминлаш борасидаги таклиф ва ташаббуслари туманимиз ёшларини ҳам янги марралар сари ундамоқда.

Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг фаолият принципи мутлақо ўзгача. Бу янги ташкилотга туманимиздаги 14-30 ёшгача бўлган ёшларнинг 75 фоизи, яъни 35250 нафари аъзо. Улар бундай ўзгаришлардан мамнунлик ҳиссини туймоқдалар, юртимизнинг барча ёшлари қатори уйчилик ёшларнинг ҳам қалби фахрга тўла. Туман ёшларининг сардори сифатида ишонтириб айтаманки, замонавий билим ва касб-ҳунарларни пухта эгаллаган, мустақил фикрлайдиган, эл-юрт тақдирига дахлдорлик туйғуси билан яшайдиган ёшларимиз бор экан, бугунги кунда ҳаёт олдимизга қўяётган мураккаб вазифаларни, албатта, уддалаймиз.

БЕФАРҚ БЎЛИШГА ҲАҚҚИМИЗ ЙЎҚ

Исроилхон ҚИРҒИЗБОЕВ,

туман бош имом хатиби:

– Бизни ҳамиша ўйлантириб келадиган яна бир муҳим масала – бу ёшларимизнинг одоб-ахлоқи, юриш-туриши, бир сўз билан айтганда, дунёқараши билан боғлиқ. Бугун замон шиддат билан ўзгаряпти. Бу ўзгаришларни ҳаммадан ҳам кўпроқ ҳис этадиган ким – ёшлар. Майли, ёшлар ўз даврининг талаблари билан уйғун бўлсин. Лекин айни пайтда ўзлигини ҳам унутмасин. Биз киммиз, қандай улуғ зотларнинг авлодимиз, деган даъват уларнинг қалбида доимо акс-садо бериб, ўзлигига содиқ қолишга ундаб турсин. Бунга ниманинг ҳисобидан эришамиз? Тарбия, тарбия ва фақат тарбия ҳисобидан, дея таъкидладилар Президентимиз шу йил 15 июнь куни пойтахтимизда ўтказилган «Ижтимоий барқарорликни таъминлаш, муқаддас динимизнинг софлигини асраш – давр талаби» мавзуидаги анжуманда сўзлаган нутқларида.

Дарҳақиқат, бугунги кунда дунёда рўй бераётган турли низо ва можароларнинг асосий иштирокчилари, афсуски, ёшлардир. Шундай экан, ёшлар тарбияси, уларнинг юриш-туриши, кимлар билан дўст тутинмоқда, мулоқотда бўлмоқда, нималарга қизиқади, кўнглида қандай ўй-фикрлари бор, деган савол ота-оналарнинг, ҳар бир тумандошимизнинг кундалик юмушига айлансин. Давлатимиз раҳбари «Ўз болангни ўзинг асра!» деб кўнглимиздаги гапни айтдиларки, бу пурмаъно даъват барчамизга дастуриламал бўлиши зарур. Ёшларни турли ёт ғоялар таъсиридан асраш, дунёқарашини ўзгартириш ҳеч биримизни бефарқ қолдирмаслиги керак. Шунингдек, бугунги кунда ёшларимиз бир жаҳолатга ўн карра маърифат билан жавоб қайтаришлари лозим.

***

Президентимизнинг «Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракатининг IV қурултойидаги нутқи билан танишган туманимиз ёшлари бу борада ўз фикр-мулоҳазалари ва таклифларини баён қилмоқдалар.

Муҳаббат ШАРИПОВА,

НамДУ талабаси

– Қизлар учун янги журнал ташкил этилиши, электрон китобхонликнинг кучайтирилиши уларнинг истеъдод ва қобилиятини юзага чиқаришга хизмат қилади, ўзаро фикр алмашиш имкониятини кенгайтиради. Бу билан дид чархланади, тафаккур қувватланади. Бунинг учун, биз – қизлар ўзимизда юксак мутолаа маданиятини шакллантириб, йигитларга ҳам ўрнак бўлишимиз керак.

Сарвар ТЎХТАСИНОВ,

Уйчи саноат, транспорт ва алоқа касб-ҳунар коллежи ўқувчиси, белбоғли кураш бўйича жаҳон чемпионати совриндори:

-Давлатимиз раҳбари чекка-олис ҳудудлардаги ёшларга алоҳида эътибор қаратиш лозимлигини таъкидлаганлари бизни жуда қувонтирди. Тўғриси, «Камолот» тадбирлари баъзан қоғозда ўтказилган ҳолатларга ҳам гувоҳ бўлганмиз. Энди Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ёшларнинг орзулари рўёбига мустаҳкам пиллапоя бўлади. Бу борада ниҳоятда катта имкониятлар юзага келмоқда, ҳамма гап улардан унумли фойдаланишда.