КАДРЛАР СИЁСАТИНИНГ ОЧИҚ ТИЗИМИ

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 3 октябрдаги «Ўзбекистон Республикасида кадрлар сиёсати ва давлат фуқаролик хизмати тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-5843-сонли Фармонининг 9-бандида жорий йил 1 январдан бошлаб – давлат фуқаролик хизмати назарда тутилган республиканинг барча давлат органлари ва ташкилотларида давлат фуқаролик хизматига қабул қилиш очиқ мустақил танлов асосида амалга оширилиши белгиланган.

Ушбу йўналишда Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги вилоят филиали томонидан ўтган давр мобайнида бандлик тизимидаги 4 та, жисмоний тарбия ва спорт соҳаси бўйича 21 та, қишлоқ ҳўжалигида 7 та, пенсия таъминоти соҳасида 53 та, халқ таълими соҳасида 7 та ва давлат активлари тизимидаги 1 та вакант лавозимлар учун тегишли органлар билан ҳамкорликда танловлар ташкил этилди ва ўтказилди.

Мазкур танловлар натижаси бўйича 600 дан ортиқ талабгордан танловда иштирок этиш учун тегишли органларга электрон тартибда ҳужжатлар келиб тушди ва ҳар бир номзоднинг малака талабларига мувофиқлиги нуқтаи назаридан ўтказилган ўрганиш натижалари бўйича 250 га яқин талабгор суҳбат комиссиялари йиғилишида иштирок этди.

Суҳбат комиссияларида ўтказилган синовлар натижаси бўйича 47 нафар талабгор танлов ғолиби, деб топилган бўлса, 46 та лавозим бўйича танлов ғолиблари топилмади ва бу бўйича қайта танловлар ташкил этилди. Қолаверса, амалда бугунги кунда 24 та вакант лавозимлар бўйича танлов жараёнлари ўтказилмоқда.

Қайд этиш лозимки, 2021 йилдан бошлаб босқичма-босқич барча давлат органлари ва ташкилотларидаги вакант лавозимлар учун vacancy.argos.uz портали орқали ҳужжатлар қабулини тўлиқ ишга тушириш чоралари кўрилмоқда. Айнан бугунги кунда 30 га яқин давлат органлари ва ташкилотлари мазкур порталга интеграция қилинди ва мавжуд вакант лавозимлар учун танловлар эълон қилиб борилмоқда.

Маълумот ўрнида, vacancy.argos.uz портали – давлат фуқаролик хизматчилари вакант лавозимларининг ягона очиқ портали ҳисобланади. Мазкур тизим имкониятларидан фойдаланиш учун «Ягона идентификация тизим» (One ID) орқали авторизациядан ўтиш кифоя қилади. Шундан сўнг мавжуд тегишли вакант лавозимни белгилаш ҳамда ҳужжатни электрон тарзда юбориш талаб этилади.

Хулоса ўрнида, давлат органлари ва ташкилотларидаги вакант лавозимларга танловларнинг очиқ ва шаффоф ташкил этилиши ва бу бўйича жамоатчилик назоратининг таъминланиши тегишли органга ишга киришда ҳар қандай коррупциоген ҳолатларнинг бартараф этилишига хизмат қилади.

Отабек РАҲИМОВ, Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги Наманган вилояти филиали бош инспектори.