КОРРУПЦИЯГА ҚАРШИ ЭКСПЕРТИЗА ТУБДАН ТАКОМИЛЛАШТИРИЛДИ

Сўнгги вақтларда амалга оширилаётган жиддий ислоҳотлар қаторида Ўзбекистон учун коррупцияга қарши курашиш асосий аҳамиятга эга вазифалардан бирига айланди. Чунки коррупция нафақат демократиянинг, умуман, ҳар қандай тараққиётнинг кушандаси экани маълум.

«Transparency International» ташкилотининг 2020 йилда эълон қилган рейтингига кўра, Ўзбекистон коррупция бўйича 26 балл билан 183 та мамлакат орасида 146 ўринни қайд қилган. Бу ачинарли ҳол, албатта.

Коррупция даражасини қисқартиришга турли омиллар таъсир кўрсатади. Уларнинг бири қабул қилинаётган қонун ҳужжатларининг ўзида коррупцион нормаларнинг мавжудлиги ва бундай нормаларнинг амалиётга жорий этилишининг  олдини олишдир.

Шунга кўра, жорий йилнинг 24 февралида адлия вазири буйруғи билан норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва лойиҳаларнинг коррупцияга қарши экспертизасини ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Низом билан давлат органлари ва ташкилотлари томонидан чеклист тўлдириш орқали коррупциявий омилларни аниқлашни назарда тутувчи мутлақо  янги тартиб жорий этилди. Бунда ҳужжатнинг ҳар бир нормаси ва қоидаси таҳлил қилиниб, коррупциявий омил бор ёки йўқлиги чеклистда акс эттирилади.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаларини ишлаб чиқарувчиларга қулайлик яратиш мақсадида, коррупциявий омилларга аниқ мисоллар келтирилди. Эндиликда лойиҳаларни коррупцияга қарши экспертизадан ўтказишда жамоатчилик кенг жалб қилинади. Бунда, фуқаролар regilatijn.gov.uz. порталида чеклист тўлдириш орқали қонун ҳужжатлари лойиҳалари бўйича ўз фикр ва мулоҳазаларини билдириши мумкин.

Бундан ташқари, амалдаги қонун ҳужжатларининг коррупцияга қарши экспертизаси ҳозирги кунда самарали йўлга қўйилган ҳуқуқий мониторинг тизими доирасида ўтказилиши белгиланди.

Баҳодир ҚОДИРОВ, туман адлия бўлими бош маслаҳатчиси.