ҚРИМ-КОНГО ГЕМОРРОГИК ИСИТМАСИ
Шу кунда инсонлардаги юқумли касалликларнинг аксариятини вируслар чақириши маълум. Улар орасида арбовирусли сурувчи бўғимоёқлилар, чивинлар, каналар ва бошқа ҳашаротлар орқали юқтирилади. Арбовируслар, асосан, кемирувчилар, кўршапалак ва айрим сут эмизувчиларга хос паразитлар бўлиб, уларнинг организмида узоқ сақланувчи латент ёки субклиник инфекцион жараёнлар чақиради. Шу кунда Ўзбекистон шароитида 20 донадан зиёдроқ арбовируслар мавжудлиги аниқланган.
Қрим – Конго геморрогик иситмасининг ҳамдўстлик мамлакатларидан 10 тасида табиий ўчоқлари мавжуд. Ўзбекистон Республикаси унинг азалий ўчоқларидан бири ҳисобланади ва маҳаллий аҳоли орасида «Қора ўлим» номи билан машҳурдир.
Клиникаси: Кана чақиши орқали юққанда яширин даври 3-6 кунга, қон ва қон ажралма юққанда 2-4 кунга тенг. Касаллик 3 та даврда кечади.
Бошланғич ёки умумий заҳарланиш даври бир неча соатдан 3 кунгача давом этиб, одатда тўсатдан бошланиб, безгак, тана ҳароратининг қис-қа даврида 38,5-40,6 даражагача кўтарилиши, умумий заҳарланиш, қаттиқ бош оғриши, бел, бўғимлар ва мушакларнинг оғриши, тананинг зирқираши, ҳолсизлик, тез чарчаш, айрим беморларда кўнгил айниши ва қусиш, кўпинча диарея (суткада 3-4 марта), қоринда турлича характерда оғриқлар бўлиши мумкин.
Ўткир ёки геморрогик аломатлари даврида қон оқиш ва қон қуйилиш аломатлари қўшилади. Ҳар бир белгининг кўплиги, жадаллиги ва давомийлиги ғоятда турличадир.
Тузалиш даврининг давомийлиги касалликнинг оғирлигига ва асоратларнинг хусусиятига боғлиқ бўлиб, 2-3 ҳафта давом этади. Асоратлар кўп турли эмас: учоқли, бўлмачали ёки тотал пневмания, баъзан ўпка шиши бўлиши мумкин. Касаллик бошида юрак-қон томир тизимида бродикардия, бироз гепатания, кейинчалик тахикардия бўлади.
Беморларни қабул қилиш учун воситали ҳолда бош врач ҳамда СЭО ва ЖСХга хабар берилади, юқумли касалликлар шифохонасига ётқизиш чоралари кўрилади.
Кийиниб олгач, беморга ёрдам беради, дезинфекция ишларини бошлайди, мулоқотлилар рўйхатини тузади.
Учокда эпидемиологик текширув ўтказиб, мулоқотлилар рўйхатини 10 кун кузатиш учун участка тиббиёт ходимларига берилади.
Учоқда якуний дезинфекция ишлари ўтказилади. Санитария тарғиботи (ўчоқда) ўтказиб, юқиш йўлларига алоҳида эътибор қаратади.
Стационардаги тартиблар беморни махсус палата бўлимга, тайёргарлиги бор ходимларга юборади.
Назира АҚИЛОВА,
туман СЭО ва ЖСХ эпидемиология бўлими врачи,
Илҳомжон АБДУРАҲИМОВ, эпидемиолог врач ёрдамчиси.

