АРХИВДА ИСЛОҲОТЛАР

Давлат ва жамият муносабатларини мувофиқлаштириш, амалга оширилаётган ислоҳотлар ва ижтимоий-иқтисодий соҳаларга оид муҳим ҳужжатларни сақлаш ҳамда улардан фойдаланишни амалга оширишда архив ишининг ва бу соҳада фаолият олиб бораётган хизматчиларнинг ҳиссаси беқиёсдир.

Уйчи туман давлат архивида ҳам Президентимиз ва ҳукумат томонидан мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларни ҳаётга татбиқ қилиш ва амалга ошириш ишларига ўзига хос ҳисса қўшиб келинмоқда. Туман давлат архиви туманда архив ишини юритиш соҳасида ягона давлат сиёсатини юритиш ва назорат қилиш вазифасини бажаради.

Уйчи туман давлат архивида бугунги кунда жами 36756 сақлов бирлигидаги архив ҳужжатлари мавжуд, шундан 31599 сақлов бирлиги бошқарув, 4856 сақлов бирлиги шахсий таркиб, 121 сақлов бирлиги шахсий келиб чиқиш ҳужжатлари сақланиб келинмоқда.

Миллий архив фондига кирган жами 551410 сақлов бирлигидаги бошқарув ҳужжатларининг 26028 сақлов бирлиги собиқ Иттифоқ даврига оид, 10548 сақлов бирлиги мустақиллик даврига оид архив ҳужжатлари ҳисобланади. Шундан 166 сақлов бирлиги алоҳида қимматли ҳужжатлар ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 10 ноябрдаги «Архив иши ва иш юритиш соҳасига оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида»ги 706-сонли қарори ижросини таъминлаш мақсадида туман давлат архивида ҳам бир қатор ишлар амалга ошириб келинмоқда. Жумладан:

-архив ҳужжатларининг электрон нусхаларини яратиш мақсадида қоғоз шаклидаги 3380 сақлов бирлигидаги ҳужжатларнинг 196072 та кадр миқдорида электрон нусхалари яратилди ва бу соҳадаги 2020 йил режаси 118 фоизга бажарилди;

-бошқарув ҳужжатларининг мавжудлиги ва ҳолатини текшириш бўйича 2020 йил давомида 31074 та сақлов бирлигидаги ҳужжатлар мавжудлиги текширилди.

Шунингдек, 2020 йил давомида давлат архивига келиб тушган 307 та мавзули сўровлар архив ҳужжатлари асосида тўлиқ бажарилди.

Фуқароларни ижтимоий муҳофаза қилишга ҳамда пенсия ёшига етган фуқароларнинг иш фаолияти (стажи) ҳақидаги маълумотларни тасдиқлашга оид ижтимоий-ҳуқуқий мазмундаги сўровлар 2020 йил мобайнида 1109 марта келиб тушди. Уларнинг барчасига архив маълумотлари асосида тегишли ҳужжатлар тайёрлаб берилди.

Жисмоний ва юридик шахсларга қулайлик яратиш мақсадида my.archive.uz ахборот тизими яратилди ва амалиётда қўлланиб келинмоқда ҳамда бир неча хизмат турлари онлайн кўринишга ўтказилди. Булар:

-иш ҳақи ва иш стажини тасдиқлаш ҳақида архив маълумотномаси;

-олий ва ўрта махсус таълим муассасасида ўқиганликни тасдиқлаш ҳақидаги архив маълумотномаси;

-араб алифбосида яратилган турк, форс ва араб тилидаги ҳужжатлардаги ахборотлар тўғрисида аннотация маълумотларини тайёрлаб бериш.

-қатағон қурбонларининг меросини янада чуқур ўрганиш, улар хотирасини абадийлаштириш ишларини ташкил этиш ва мувофиқлаштириш бўйича республика ишчи гуруҳининг 2020 йил 11 декабрдаги йиғилиши 3-сонли баёнида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида жорий йил январь-февраль ойларида Уйчи туман давлат архивида ҳам ишчи гуруҳнинг Наманган вилоятидаги вакиллари фаолият олиб бордилар. Ишчи гуруҳ аъзолари Наманган давлат университети доценти, тарих фанлари номзоди Тоҳиржон Қозоқов, университетнинг миллий ғоя, маънавият асослари ва ҳуқуқ таълими кафедраси ўқитувчиси Акмалжон Султонов, Наманган муҳандислик-технология институтити доценти, тарих фанлари номзоди Комилахон Воҳидова, Наманган муҳандислик-қурилиш институти ижтимоий фанлар кафедраси ўқитувчиси томонидан туман архивида сақланаётган сақлов бирликлари соҳалар ва йиллар кесимида синчковлик билан ўрганиб чиқилди.

Шу ўринда айтиб ўтиш жоизки, туман давлат архиви маъмурияти тарих, этнография, архившунослик, иқтисод, география ва бошқа соҳаларда илмий тадқиқотлар олиб бораётган тадқиқотчилар билан илмий-ижодий ҳамкорлик қилишдан манфаатдордир. Зеро, архив иши архив ҳужжатларини сақлаш билан биргаликда улардан халқ манфаати йўлида кенг фойдаланишни ташкил этишдан ҳам иборатдир.

Мухтасархон АБДУЛЛАЕВА,

туман давлат архиви раҳбари,

Анваржон ДЕҲҚОНОВ, НамМҚИ ижтимоий фанлар кафедраси ўқитувчиси.