КОРРУПЦИЯ – ТАРАҚҚИЁТ ТЎСИҒИ
Бугунги кунда коррупция жинояти кўпгина давлатларда кенг ёйилган бўлиб, унга қарши курашиш иқтисодий-сиёсий, суд-ҳуқуқ ислоҳотларини амалга ошириш даврида долзарб аҳамият касб этади.
Давлатимиз раҳбари Ш.Мирзиёев Олий Мажлис палаталарининг қўшма мажлисидаги «Эркин ва фаровон, демократик Ўзбекистон давлатини мард ва олижаноб халқимиз билан бирга қурамиз» мавзуидаги маърузасида «Жамиятимизда коррупция, турли жиноятларни содир этиш ва бошқа ҳуқуқбузарлик ҳолатларига қарши курашиш, уларга йўл қўймаслик, жиноятга жазо, албатта, муқаррар экани тўғрисидаги қонун талабларини амалда таъминлаш бўйича қатъий чоралар кўришимиз зарур», -деб бежиз таъкидламади.
Шулардан келиб чиқиб, коррупцияга қарши курашишнинг ҳуқуқий механизми яратилди. Яъни, Ўзбекистон Республикасининг 2017 йил 3 январдаги «Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги Қонунининг мақсади коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборатдир. Масалан, Қонуннинг 3-моддасида асосий тушунчалар берилган бўлиб, унда коррупция, коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик ва манфаатлар тўқнашувига доир тушунчалар таърифланган. Булар, ўз навбатида, фуқароларга коррупция, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликнинг нималиги ва уларнинг салбий иллат эканлиги ҳақида маълумот беради.
Қонуннинг 5-моддасида эса коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари кўрсатиб ўтилган бўлиб, улар: аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш, давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларида коррупциянинг олдини олишга доир чора-тадбирларни амалга ошириш, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни ўз вақтида аниқлаш, уларга чек қўйиш, уларнинг оқибатларини, унга имкон берувчи сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф қилиш, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни содир этганлик учун жавобгарликнинг муқаррарлиги принципини таъминлашдан иборатдир.
Коррупцияга қарши курашишда аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш, давлат органлари ва бошқа ташкилотлар ходимларининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, таълим муассасаларида коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги ҳуқуқий таълим ва тарбия масалалари Қонуннинг 16, 17, 18-моддаларида ўз ифодасини топган. Чунки ҳуқуқий онги ва маданияти юксак, ҳуқуқий таълим ва тарбия жиҳатдан етук бўлган инсонлар салбий иллат бўлмиш коррупцияга йўл қўймайдилар.
Ҳусниддин ҲАКИМОВ,
туман прокурорининг ўринбосари,
Анваржон РАҲМОНОВ,
Бош прокуратура ҳузуридаги департаментнинг туман бўлими катта суриштирувчиси.

