АҲОЛИ ВА ТАДБИРКОРЛИК СУБЪЕКТЛАРИГА ҚУЛАЙ ШАРОИТЛАР
Жорий йилнинг 23 март куни Президентимиз томонидан «Аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига давлат хизматларидан фойдаланишда янада қулай шароитлар яратиш, бу борада бюрократик тўсиқларни қисқартириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПФ-6191-сонли Фармони қабул қилинди.
Ушбу Фармонга кўра 2021 йил 1 июндан бошлаб:
-фуқароларнинг доимий (вақтинча) рўйхатдан ўтган жойидан қатъи назар, фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш, никоҳланувчи шахсларни тиббий кўрикдан ўтказиш ва хорижга чиқиш биометрик паспортини расмийлаштириш экстерриториал тамойил асосида амалга ошириш;
-нотариал ҳаракатларни амалга оширишда фуқаролик ҳолати далолатнома ёзувлари билан боғлиқ барча маълумотларни нотариал идоралар томонидан мустақил равишда, фуқаролардан ортиқча маълумот талаб қилмасдан, «ФҲДЁнинг ягона электрон архиви» ахборот тизими орқали олиш;
-тадбиркорлик субъекти бўлган юридик шахсларга давлат хизматларидан фойдаланиш учун белгиланган йиғим ва давлат божи тўловларини тўлашда уларнинг вакили томонидан нақд пул шаклида тўловни амалга оширишга рухсат бериш;
-давлат хизматлари марказлари орқали хизматлардан фойдаланишда жисмоний ва юридик шахслар томонидан ортиқча тўланган тўловлар, шунингдек, давлат хизматини тезлаштирилган тартибда кўрсатиш учун қўшимча тўланган йиғимлар суммаси (тезлаштирилган тартибда кўрсатилмаган тақдирда) соддалаштирилган тартибда Давлат хизматлари агентлигининг бюджетдан ташқари жамғармаси маблағлари ҳисобидан бир иш куни ичида қайтарилиши, бунда қайтариб берилган маблағларни Агентлик томонидан тегишли давлат органлари ва ташкилотларидан регресс тартибида ундириб олиш;
-давлат хизматини кўрсатиш натижасида бериладиган ҳужжатлар QR-код (матрик штрихли код) қўйиш орқали берилганда уларнинг дубликатларини бериш тартиби бекор қилиниши, бунда, ушбу ҳужжатлар электрон шаклда Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали чекланмаган миқдорда бепул олиниши белгиланди.
Фармон билан 2021 йил 1 июндан бошлаб давлат органлари, хўжалик бирлашмалари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, давлат ташкилотлари ва муассасалари томонидан аҳолидан, шу жумладан, тадбиркорлик субъектларидан бир қатор ҳужжатлар ва уларнинг нусхаларини талаб қилиш амалиёти бекор қилинди.
Ушбу Фармон аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига давлат хизматларини кўрсатишда бюрократизм, сансалорлик ва бошқа маъмурий тўсиқларни бартараф этилишининг олдини олишга, эскирган, замон талабларига мос келмайдиган тартиб-таомилларни тубдан қисқартириш ҳамда тадбиркорлик субъектлари томонидан ўз фаолиятларини олиб боришларига янада қулай шарт-шароитларни яратади.
Ҳалимжон ҚОБИЛОВ, туман адлия бўлими бошлиғи.

