БЎЛИМГА КОМПЬЮТЕР СОВҒА ҚИЛИНДИ
Туман ҳокими Муҳаммадзокир Маматхонов, туман прокурори Шерзод Раҳимов туман тиббиёт бирлашмасига қарашли бўлимларда бўлиб, яратилган шарт-шароитлар билан танишдилар.
Дастлабки ташриф ўтган йили қуриб, фойдаланишга топширилган шошилинч тиббий ёрдам бўлими(ШТЁБ)га бўлди. Мазкур шифо маскани «Оташ» хусусий корхонаси қурувчилари томонидан инвестиция дастури асосида 7 млрд. 200 миллион сўм маблағ эвазига қуриб, битказилган. Бинода 30 ўринли ШТЁБ, 30 ўринли режали хирургия, 6 ўринли реанимация, қабулхона, функционал диагностика бўлимлари ҳам мавжуд.
Туман ҳокими туман тиббиёт тизими раҳбарлари ва шифокорлари билан очиқ мулоқот давомида туман ШТЁБ шифокори Бахтиёр Жабборовнинг компьютер етишмаслиги бўйича мурожаатига жавобан компьютер совға қилишини айтган эди. Ташриф давомида туманимиз раҳбари ёш шифокор Бахтиёр Жабборовга компьютерни топширди. Туман тиббиёт бирлашмаси раҳбари Маҳаммаджон Қурбонбоев ШТЁБда яратилган шароитлар, муаммолар ва режалар ҳақида гапирди, навбатдаги вазифалар белгиланди.
Туман марказий касалхонасининг икки қаватли болалар бўлими биноси ўтган йили 3,4 млрд. сўм маблағ эвазига капитал таъмирланиб, унинг биринчи қаватида туманлараро нефралогия ва гемодиализ бўлими ташкил этилди. 6 та хона ва 10 ўриндан иборат мазкур бўлим 3,7 млрд. сўмлик Германияда ишлаб чиқарилган 10 та гемодиализ аппаратураси билан ҳам таъминланган. Бу ерда асосан сурункали буйрак етишмовчилиги билан касалланган беморлар даволанади. Маълумот учун, вилоят марказида бундай бўлим иккита ва туманлар ичида ягона ҳисобланади.

