БОЛА ҲУҚУҚЛАРИ – ҲИМОЯДА

Бола ҳуқуқлари бола ирқи, жинси, тили, дини, туғилган жойи, миллий ва ижтимоий келиб чиқиши, мулкий ва бошқа ҳолатларидан қатъи назар, ҳеч бир камситишсиз ҳар бир бола эга бўлиши керак  бўлган ҳуқуқ ва эркинликлардир.

Бола ҳуқуқларини махсус ҳимоя қилиш зарурати Инсон ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро билл, шунингдек, болалар манфаатларини ҳимоя қилиш билан шуғулланувчи халқаро ташкилотларнинг тегишли ҳужжатларида белгилаб қўйилган. Хусусан, 1959 йилдаги Бола ҳуқуқлари деклорациясида ҳар бир бола учун ҳеч қандай камситиш ва чекланишларсиз бутун бошли ҳуқуқлар мажмуи мустаҳкамланган.

Ушбу деклорация асосида 1989 йил 20 ноябрда БМТ Бош Ассамблеясида қабул қилинган Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция бола ҳуқуқлари соҳасидаги биринчи мажбурий халқаро ҳужжатдир. Мазкур ҳужжатда инсониятнинг узвий бўлаги сифатида  тан олинган болаларнинг фуқаролик, сиёсий, ижтимоий, иқтисодий ҳуқуқлари кафолатган.

Мамлакатимиз 1992 йилда БМТнинг Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциясини ратификация қилиши натижасида унинг қоидаларини бажариш мажбуриятини зиммасига олган. Болаларнинг Конвенцияда кўрсатилган ҳуқуқларига риоя қилиш ва уларни ҳимоя қилиш учун зарур ташкилий-ҳуқуқий шароитлар ва кафолатлар яратиш  мамлакатимиз давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан ҳисобланади.

Ҳақиқатан ҳам, кейинги йилларда мамлакатимизда бу борада бир қатор самарадор чора-тадбирлар ҳаётга татбиқ этилди. Жумладан, пахта йиғим-теримида болалар меҳнатининг олдини олиш бўйича қатъий чоралар кўрилди. Меҳнатга маъмурий тарзда мажбурлаш учун жавобгарлик кучайтирилди ва бундай ҳолат такроран содир этилганлиги учун жиноий жавобгарлик белгиланди.

Санобар ТЎРАБОЕВА, фуқаролик ишлари бўйича Учқўрғон туманлараро судининг судьяси.