Бағишлов
Эй, менинг водийда танҳо, гуллаган даста гулим,
Ишда оқил, сўзда доно, шерюрак, танти элим,
Қўлда торим, дилда ашъор, куйламоққа шай тилим,
Сен қувончим, шуҳратимсан, нурафшон Уйчим менинг,
Тупроғинг зар, сувларинг бол, гулга кон Уйчим менинг.
Кун сайин обод, осойиш, боғларинг қанду асал,
Кўкка бўй чўзган бинолар, кўчалар ундан гўзал.
Сен ҳақингда қанча ашъор битсам оз, қанча ғазал,
Куйлагайман токи борки танда жон, Уйчим менинг
Тупроғинг зар, сувларинг бол, гулга кон Уйчим менинг.
Бир-бирига елкадош, кекса-ю ёшинг билан,
Элсевар, меҳнатсевар, ишбоши, йўлбошчинг билан.
Қутлагайман чин дилимдан шу азиз ёшинг билан,
Довруғинг оламни тутсин, навқирон Уйчим менинг,
Тупроғинг зар, сувларинг бол, гулга кон Уйчим менинг.
Сен ўзинг жаннатмаконим, бунда ҳур-ғилмон ўзим,
Боғи Эрамга алишмам, бунда шоҳ-султон ўзим,
Баски, Зоҳида, ёзарман сенга бир достон ўзим,
Таърифинг бир шеърга жо бўлмас инон, Уйчим менинг,
Тупроғинг зар, сувларинг бол, гулга кон Уйчим менинг. Зоҳида АҲМАДЖОНОВА.

