Баҳорим, кел!
Баҳорим, кел, сени интиқ кутарман,
Наврўзимга айтгил, қачон етарман.
Майсалардан, гулдан тўша пояндоз,
Бедорингман йўлингга кўз тутарман.
Баҳорим, кел, сени жуда соғиндим,
Наврўзим, кел, сени жуда соғиндим.
Шўх болалар бойчечаги бойлансин,
Хаёлларим ишончларга айлансин.
Этагида эҳсон улашган инсон
Юрагига меҳр нури жойлансин.
Баҳорим, кел, сени жуда соғиндим,
Наврўзим, кел, сени жуда соғиндим.
Оқ булутдан ёмғир ёғдир – кўл бўлсин,
Деҳқон бобом ҳосиллари мўл бўлсин.
Дошқозонда қайнаб турсин сумалак,
Қувонч улаш, ризқим мўлу кўл бўлсин.
Баҳорим, кел, сени жуда соғиндим,
Наврўзим, кел, сени жуда соғиндим.
Келганингда боғда очилсин гуллар,
Гул ишқида сайраб турсин булбуллар.
Барчамизга шодлик улаш, баҳорим,
Севинчидан яйраб кетсин кўнгиллар.
Баҳорим, кел, сени жуда соғиндим,
Наврўзим, кел, сени жуда соғиндим. Зоҳида АҲМАДЖОНОВА.

