Устоз
Мактабга илк қадам қўйган онимиздан,
Сизнинг меҳр боғингизда этдик парвоз.
Болангиздек қучоқ очиб жонингиздан,
Ортиқ кўриб ўстирдингиз бизни, устоз.
Титрар эди нозик ниҳол қўлларимиз,
Биринчи бор ушлаганда қалам, қоғоз.
Ҳарф танитиб, бурро қилиб тилларимиз,
Комил қилиб ўстирдингиз бизни, устоз.
Болалигим, энг беғубор фаслим менинг,
Онгим оппоқ қоғоз эди асли менинг,
Унга илму урфон битган сиз эмасми?
Доно қилиб ўстирдингиз бизни, устоз.
«Олган зарра илмингиз ҳам ҳикмат»-дея,
«Дангасалик қилманг, кони иллат»-дея,
«Сизлар билан бардавомдир миллат»-дея,
Тилло қилиб ўстирдингиз бизни, устоз.
Қуёш ботган жойда осмон тугар дердим,
Жонсарак қуш бир кун ерда тинар дердим,
Илмда ҳам меъёр, сарҳад бўлар дердим,
Бедор бўлиб ўстирдингиз бизни устоз.
Бизни севган, биз севган юрт тинч бўлсин деб,
Келажакда енгиб бўлмас куч бўлсин деб,
Ўғлонларим юртга тиргак, синч бўлсин деб,
Чинор қилиб ўстирдингиз бизни устоз.
Эрта-ю кеч ўйлаб ўғил-қизингизни
Оқшомлари тўкиб нурин кўзингизни,
Беоромим ўйламасдан ўзингизни,
Азоб чекиб ўстирдингиз бизни устоз.
Сиз яшайсиз ўқувчилар ардоғида,
Доим бўлинг Яратганнинг паноҳида,
«Ибодатинг қани?» -деган сўроғига,
Жавоб қилиб ўстирдингиз бизни устоз. Дилноза АЗИЗОВА.

